55-СОНЛИ МАКТАБДА ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ОЙЛИГИ ДОИРАСИДА ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Кундалик турмушда бинони иситиш мақсадида табиий газ, кўмир ва бошқа ёқилғи маҳсулотларидан кенг фойдаланилади. Кузги-қишки мавсумда ёқилғи маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёж янада ортади. Бу жараёнда ҳар бир фуқародан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига пухта амал қилиш, мавжуд қоидаларга эътиборли бўлиш талаб этилади. Чунки салгина лоқайдлик нафақат кичик кўнгилсизликларга, балки жуда катта талафотларга, инсон ҳаёти учун хавфли бўлган, бутун умр тузатиб бўлмас даражадаги куйиш билан боғлиқ ногиронликларга, ҳатто йўқотишларга олиб келиши мумкин.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, аҳолининг асосий қисми ёнғин хавфсизлиги қоидаларини яхши билишларига қарамасдан, салгина эътиборсизликлари туфайли айрим ҳолатларда ўз хонадонларида ёнғин чиқишига ўзлари сабабчи бўлишмоқда. Бундай ҳолатлар асосан табиий газ қувурларига газ плиталарини ўзбошимчалик билан, тақиқланган резина шланглар орқали ёнғин хавфсизлигига зид равишда улаб фойдаланиш сабабли юз бермоқда. Натижада ана шундай бепарво фуқаролар айби туфайли келиб чиққан ёнғинлар оқибатида кўплаб хонадонлар жиддий зарар кўрмоқда. Бу эса оила аъзоларининг моддий зарар кўриб, куйиш билан боғлиқ тан жароҳатлари олишларига сабаб бўлмоқда.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси йиғилишининг 2024 йил 30 октябрдаги 2-сон баёнига мувофиқ юртимизда 2024 йил 15 ноябрдан 15 декабргача бўлган даврда ўтказилиши кўзда тутилган “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилгани билан жуда катта аҳамиятга эга.
Айни кунларда Амударё тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан ойлик доирасида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириш, уй-жой фондини ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ ҳолга келтириш мақсадида ўқув семинарлари, махсус тактик-ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Ойлик доирасида туманнинг Ойбек номли маҳалласи ҳудудидаги 55-сонли мактабда ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокида фавқулодда вазиятларнинг ҳамда содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш бўйича кўргазмали воситалар асосида профилактик учрашув ўтказилиб, иштирокчиларга ёнғин хавфсизлиги қоидаларига доир тавсияномалар, зарур тушунчалар берилди.
Учрашув давомида ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари, ис газидан заҳарланиш ёки ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ ҳолатларда ҳаракатланиш бўйича кўргазмали воситалар асосидаги маълумотлар ҳам тақдим этилиб, бу борадаги иштирокчилар томонидан тушган саволларга масъуллар атрофлича, кенг турда тушунчалар ҳам бердилар.
Хонадонларда ёнғин келиб чиқмаслиги, қолаверса, бутун умр меҳнат қилиб бунёд этилган иморатлар ёнғин туфайли яроқсиз ҳолга келиб қолмаслиги, бундан ҳам муҳими, ўзимиз ва оила аъзоларимизнинг саломатлигимиз, тинч-осойишталигимизни таъминлаш, энг аввало, ҳар бир инсоннинг ўзига, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилишларига боғлиқ.
Шундай экан, қадрли юртдошлар, фуқаролар, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, ўтказилаётган “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги”да фаол иштирок этиб, ёнғин ҳамда бошқа фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тўғри ҳаракатланиш бўйича билим ва кўникмаларингизни ошириб боришингизни илтимос қиламиз.
Амударё тумани ФВБ.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶