“Ёш сайловчи” ёшлар форуми бўлиб ўтди
Ёшларимизнинг мамлакат келажаги учун муҳим бўлган сиёсий жараёнларда фаол иштироки катта аҳамиятга эга. Шуни эътиборга олган ҳолда жорий йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловларда ёшларнинг муносиб иштирок этишларини таъминлаш, сайловда ҳар бир овознинг мамлакат тараққиётида муҳим аҳамиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳудудларда “Ёш сайловчи” тарғибот лойиҳаси доирасида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, Амударё туманида ҳам лойиҳа доирасида тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, уларга кўплаб ёшлар қамраб олинди.
Тарғибот лойиҳаси доирасида “Ёш сайловчининг ҳуқуқлари” ҳамда “Ёшлар ва сайлов” учрашуви, очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, уларда сайлов жараёни, унинг аҳамияти, сайловчи ҳуқуқлари юзасидан тушунчалар берилди. Тумандаги 82-сонли мактабнинг фаоллар залида бўлиб ўтган ёшлар иштирокидаги учрашув ўқув-семинар тарзда ташкил этилди. Унда туман Ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Бекзод Ўринбоев сўзга чиқиб, ёшларни юртимиз келажагига, Ватан равнақига бефарқ бўлмасликка, сайловда фаол иштирок этишга чақирди.
Шунингдек, сайлов муҳим сиёсий жараён эканлиги, унда иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг сиёсий ҳуқуқи ҳамда имконияти эканлиги, ҳар бир овоз юртимиздаги ислоҳотларга таъсир қилиши ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди. Тадбирда сайловга оид видеоролик намойиш этилиб, ёшларнинг бу борадаги билимлари янада мустаҳкамланди.
“Ёш сайловчи” тарғибот лойиҳаси асосида туман Хотира майдонида ёшлар форуми ташкил этилди. Форум доирасида ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга йўналтирилган интерактив учрашувлар, қизиқарли викториналар ўтказилиб, ёшларнинг сайлов жараёнларидаги иштироки кенг тарғиб қилинди.
Қолаверса, йигит-қизлар учун фойдали бўлган "Ёш сайловчи" викторинаси, "Заковат" интеллектуал ўйинига ўхшаш "Ибрат фарзандлари", "Мутолаа", "Қизлар академияси", "Биласизми?" лойиҳалари доирасидаги ўйинлар ҳамда "Беш ташаббус" мусобақаларида ёшларнинг зукколиги, топқирлиги ва эпчиллиги синовдан ўтказилди.
Шунингдек, тадбир давомида ёшларни замонавий касбларга ва хорижий тилларга бепул ўргатувчи лойиҳалар – “Ustoz AI”, “Uz Chess” каби павильонлар ташкил этилди. Бу лойиҳалар ёшлар ўртасида катта қизиқиш уйғотиб, уларга профессионал ва шахсий ривожланиш учун кенг имкониятлар тақдим этди. Айниқса, биринчи марта сайловда қатнашаётган ёш сайловчиларнинг эътиборини жалб қилиш мақсадида лойиҳа тақдимотлари интерактив тарзда ўтказилди.
Бундан ташқари, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилган ҳарбий қурол-аслаҳалар кўргазмаси ҳам уларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир давомида ёшларнинг нафақат сиёсий, балки умумий билимларини ҳам бойитишга қаратилган интеллектуал беллашувлар ташкил қилинди. Айниқса, “Сиз биласизми?” деб номланган викториналар ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Викториналар ғолибларига қимматбаҳо совғалар топширилди. Ёшлар ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирар экан, сайлов жараёнлари тўғрисидаги кўплаб саволларга ҳуқуқий жиҳатдан батафсил жавоб олишди. Викторина ва интеллектуал ўйинлар нафақат ёшларнинг, катта ёшли кишиларнинг ҳам ҳуқуқий билимларини оширишга ёрдам беради.
“Ёш сайловчи” ёшлар форуми туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган гала концертга уланиб, юқори кайфиятда давом этди. Гала концертда туманимизнинг истеъдодли хонандалари, эстрада ижодкорлари ўзларининг шўх-шодон куй-қўшиқлари билан иштирокчиларга байрамона кайфият улашди. Хонандалар Ватанни мадҳ этувчи, ёшлик, гўзаллик, дўстликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этдилар.
Ўтказилган форум нафақат ёшларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга, балки уларда миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган маданий-маърифий тадбир сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶