АҲОЛИ ХОНАДОНЛАРИНИ КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРЛАШ БЎЙИЧА КЎРГАЗМАЛИ ЎҚУВ СЕМИНАРИ ЎТКАЗИЛДИ
Мамлакатимизда ҳар йили куз-қиш мавсуми бошланиши олдидан жойлардаги Фавқулодда вазиятлар масъул ходимлари томонидан аҳоли хонадонларининг ҳолати атрофлича ўрганилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилади. Фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилиш зарурлиги тушунтирилиб, керакли маълумот ва тушунчалар берилади. Шу билан биргаликда соҳа вакиллари аҳоли хонадонларидаги иситиш тизимлари ҳолатини ўрганиш натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этишида аҳолига яқиндан ёрдам беришади. Масъуллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда бўлишиб, уларнинг хонадонларидаги иситиш тизимларидаги камчиликларни бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатишади.
Амударё туманида ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасидаги амалий ишлар белгиланган режа асосида олиб борилмоқда. Соҳа мутахассислари томонидан аҳоли вакилларини жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирлари туманнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Азамат Давлетов ва Амударё туман ҳокими – фуқаро муҳофазаси бошлиғи Собир Хўжаметовлар бошчилигида туман ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган ўқув семинарида ҳам фавқулодда вазиятларда аҳолини ишончли ҳимоялаш, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича биринчи галда амал қилиниши зарур бўлган саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз юритилди. Семинарда асосан куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш, аҳолининг ис газидан заҳарланишининг олдини олиш мақсадида хонадонларни замонавий иситиш тизимига ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Кўргазмали ўқув семинарида тегишли корхона-ташкилотлар раҳбарлари, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда Амударё туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги мактабларнинг директорлари иштирок этдилар.
Семинар кун тартибидаги асосий масала – аҳоли хонадонларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ва мавжуд камчиликларни қисқа муддатларда бартараф қилиш, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш юзасидан Амударё туман Фавқулодда вазиятлар бўлими масъул мутахассислари кўргазмали воситалар орқали зарур тушунчалар бердилар.
Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар ходимлари изғиринли кунлар бошланмасидан бурун тегишли аҳоли хонадонларидаги иситиш тизимларини замонавий иситиш тизимига ва горелкаларга ўтказиш кераклигини алоҳида таъкидлаб, иситиш қозонларининг дудбуронларини ўрнатиш қоидаларини амалий тарзда кўрсатиб бердилар.
Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг иситиш қозонларини таъмирлашда амалий ёрдам бериш зарурлиги қайд этилиб, ҳар бир маҳаллада камида 2тадан дудбурон тозалайдиган гуруҳ ташкил қилиш бўйича овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига топшириқлар берилди.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶