Ижтимоий тармоқларда одоб-ахлоқ қоидаларини унутманг!
Замонавий дунёда кундалик турмушимизни, иш фаолиятимизни интернет ва ижтимоий тармоқлардан айро тасаввур қилишимиз қийин. Ижтимоий тармоқларнинг афзалликлари билан бир қаторда салбий томонлари оқибатида кўплаб муаммолар юзага келмоқда. Инсонлар бирор ҳудудда шу жамият томонидан қабул қилинган мезонлар асосида яшаганидек, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш давомида ҳам одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиниши лозим.
Бугун ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотларнинг катта қисмини ёшлар тарбияси бузилишига туртки бўлувчи, миллий ва диний қадриятларимизга зид ҳисобланган хабарлар ташкил этаётгани кишида ташвиш уйғотади. Шу сабабли ёш авлод онгида мафкуравий таҳдидларга қарши маънавий иммунитет ҳосил қилиш долзарб масалалардан ҳисобланади.
Энг аввало, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш давомида вақтнинг қадрини унутмаслик керак! Бугунги кунда “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида 100 минглаб ёшлар хорижий тилларни бепул ўрганишмоқда. "Мутолаа" мобиль иловасида эса ўзбек ва жаҳон бадиий адабиётининг нодир намуналари аудио ва электрон шаклда жамланган. Муҳими, вақт ва энергиямизни тўғри йўналтиришимиз шарт.
Виртуал оламдаги “фаровонликка” бошловчи “мотиваторлар”нинг ўзига хос тавсиялари, уят-андишани унутган “профессионал психолог”ларнинг бахтли оила барпо этиш юзасидан билдирган “маслаҳат”лари ҳамда машҳур бўлиш йўлида ҳар хил енгил-елпи, ахлоқсиз ҳаракатларни ўзига муносиб билган кимсаларнинг видеоларини кузатиш орқали ўзингизда салбий хусусиятларни шакллантириб, жамиятдаги обрўйингизга путур етказишингиз мумкин.
Ижтимоий тармоқлардаги мулоқот давомида одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилинг! Афсуски, фойдаланувчилар орасида бир-бирини ҳақоратлаш, шахс номига путур етказиш каби салбий ҳолатлар кузатилиб турибди. Шуни унутмайликки, инсон хатти-ҳаракатлари орқали ўзи ҳақида атрофидагиларга муайян ахборотларни улашади. Мавзуни ўрганиш давомида видео контентларга ёзилган шарҳларда ҳақорат ва сўкинишнинг теша тегмаган замонавий шаклларига гувоҳ бўлдик. Албатта, бу ҳолатлар учун тегишли тартибда жавобгарлик белгиланганини ҳам унутмаслик жоиз.
Ижтимоий тармоқларда хабар алмашиш вақтида миллий ва диний қадриятларимизга зид амалларни содир этманг! “Телеграм” мэссенжери нафақат мулоқот қилиш ва янгиликлардан хабар топиш воситаси, шунингдек, кўплаб соҳаларга доир кенг маълумотлар базаси ҳисобланади. Бироқ ушбу мэссенжернинг вақтни бесамар ўтказишга ҳам сабаб бўлиши инсонни ташвишга солади.
Бир сўз билан айтганда, виртуал муҳитда тармоқ фойдаланувчиларининг, асосан, ёшларнинг маънавий бузилишлари учун етарлича сабаблар мавжуд. Ҳали оила қурмаган ёшлар орасида ҳаёсизлик ва зинонинг ҳар хил шакллари кузатилмоқда. “Телеграм” мэссенжерида ташкил этилган айрим чат-гуруҳлардаги мулоқотлар виртуал оламни тартибга солиш нақадар зарурлигини кўрсатади. Миллий ва диний қадриятларимизга зид бўлган танишувлар ва бунинг оқибатида инсон шаънини оёқости қилишга бўлган уринишлар, бу воқеаларга сабаб бўлган жараёнларни таҳлил қила туриб, одамзоднинг шу қадар бузилиши, истакларига қул бўлиши мумкинлигини ўйлаган ҳар бир зиёли бундан чуқур қайғуга тушади.
Интернетда тарқатилган хабар ва маълумотларни тўғридан-тўғри қабул қилманг! Маълумки, интернетда ўз тасдиғини топган холис маълумотлар билан бир қаторда атайин сохталаштирилган, нохолис, ғаразли гуруҳларнинг ғояларини тарғиб қилувчи информациялар ҳам кенг тарқатилади. Кўплаб фуқаролар сохта тадбиркорларнинг ёлғон маълумотларига чув тушиб, яхши ният билан йиллар давомида жамғарган пул маблағларидан айрилишмоқда. Ёлғон қурбонига айланмаслигингиз учун маълумотларни бир нечта ишончли манбалар орқали текширинг!
Ахборот инсон психологиясига жиддий таъсир ўтказади, ҳатто инсонларни бошқариш кучига эга. Бу имкондан фойдаланишни мақсад қилган ғаразли шахслар атайин сохталаштирилган, давлат ва халқ ўртасидаги бирдамликка рахна солувчи контентларни тайёрлашга ҳаракат қилишади. Шу сабабли асримизнинг мафкуравий полигонларида ахборот уруши кенг қанот ёзмоқда.
Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоб-ахлоқи анчайин кенг мавзу. Биз юқорида билдирган фикр-мулоҳазаларда мавзунинг айрим жиҳатларини ёритишга ҳаракат қилдик. Хулоса сифатида шуни айтишимиз лозимки, виртуал олам инсониятнинг замонавий кўзгусига айланган. Бу оламдаги яхшиликлар ҳам ёмонликлар ҳам одамлар таъсирида юзага келади. Қайси йўлни танлаш эса ҳамиша ўз қўлингизда.
Шоҳзод Қурбонбоев.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶