“Мафтункор ранглар жилоси” номли тадбирда ёш рассомлар истеъдодини намоён этишди
Ҳар бир бола улғаяр экан, ўзига хос иқтидорини намоён этишга ва бундан завқланишга ҳаракат қилади. Кимдир қалбидаги ҳисларни сўзлар билан ифодаласа, кимдир туйғуларини мусиқа оҳангларига кўчиради. Яна кимдир оламини, ўй-хаёлларини рангларда, чизгиларда тасвирлайди. Бу ифода услублари бир-бирига ўхшамайди. Лекин ижод намунаси ўша инсоннинг ўзлигини, юрагидаги ўтли кечинмаларни тафаккуримизга муҳрлайди, қалбимизга кўчиради.
Яқинда Нукус шаҳридаги “Дўстлик уйи” олдида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига аъзо Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг Нукус шаҳар бўлими томонидан “Мафтункор ранглар жилоси” номли тадбир ташкил этилди. Табиат қўйнида ўтказилган мазкур тадбирда Нукус шаҳридаги 7-17 ёш оралиғидаги жисмоний имконияти чекланган болалар ва ўсмирлар иштирок этиб, ўзларининг нозик истеъдодларини ранглар жилоси билан намоён этишди.
Тадбирда Ўзбекистон ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Паршагул Даулетярова, нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбарлари ва бошқалар иштирок этишди.
Таъкидланганидек, ногиронлиги бўлган болаларни ҳар томонлама ва уйғун камол топтириш, ижтимоий фаолиятини, меҳнат қилишга бўлган қизиқишини, санъат ва спорт билан шуғилланишини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Дарҳақиқат, санъат қалбимизни эзгуликка чорлайди. Ранглар жилоси ҳар бир инсонни ўзига оҳанрабодек тортади. Албатта, ёш мўйқалам ижодкорларининг оппоқ қоғозлар юзига кўчирилган ўзига хос чизгилари ва кўнгил дунёсининг нозик тасвирларига маҳлиё бўласиз.
Болалардан бири табиат манзаларини тасвирласа, яна бошқа бола она-Ватанга бўлган чексиз муҳаббатини, бахтли болалалик онларини ранглар орқали изҳор этди. Ёш рассомларнинг чизгиларини масъуллар мароқ билан кузатиб, уларга суратларининг янада жозибадор бўлиши учун маслаҳатларини улашишди.
“Жисмоний имконияти чекланган”. Назаримизда, бу ибора нисбий тушунчани англатади. Аслида, инсон шундай қудратли кучга эгаки, олдига бирор мақсад қўйиб шу йўлда тинимсиз меҳнат қилар экан, у амалга ошира олмайдиган иш мавжуд эмас. Санъат асарлари эса бу йўлда иродамизни мустаҳкамлаб, қалбимизга зиё олиб киради. Шу маънода “Мафтункор ранглар жилоси” каби санъат ва маданий-маърифий тадбирлар ёшларнинг истедодларини юзага чиқаришда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Нозик қўлларида қалам тутган ёш рассомларнинг мурғак кўзларини кузатар эканмиз, ёниб турган қорачиқларида буғубор қалбининг ифодасини кўрамиз. Оқ қоғозга кўчирилган қалб туйғулари ҳаёт гўзалликларига янада чирой бахш этгандек гўё.
Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан топширилган эсдалик совғалари болаларга чексиз қувонч улашди. Маданият бўлими ходимлари томонидан тақдим этилган концерт дастури барчанинг кайфиятини кўтариб, кўнгилларни хушнуд этди.
Шоҳзод Қурбонбоев

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶