Туман Адлия бўлими ходимлари уйма-уй юриб, аҳолига бепул юридик ёрдам ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар бермоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил ҳар бир раҳбар ходим учун олтин қоидага айланди. Чунки уйма-уй юриб, халқ билан самимий мулоқотда бўлиш, уларнинг муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва ҳал этиш, зарур ҳолатларда қўллаб-қувватлашдек халқона сиёсатни муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўзлари бошлаб бердилар. Айниқса, ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг ўз фаолиятларини самарали ташкил қилишлари, халқнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларга кўрсатилаётган ҳуқуқий хизматлар сифати ва кўламини кенгайтириш, кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни жойларига чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда тизимли ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги "Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлашга қаратилган амалий ишлар, халқ билан юзма-юз мулоқотлар эса ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари билан оддий халқни бир-бирига янада яқинлаштирди. Буни Амударё туман Адлия бўлими томонидан амалга оширилаётган халқ орасидаги ҳуқуқий маслаҳатлар, ҳуқуқий саводхонлик мавзусидаги давра суҳбатлари, фуқароларга бепул бирламчи ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат органлари ҳамда овул ва маҳаллаларда ўтказилаётган тадбирларда яққол кўриш мумкин. Ушбу тадбирлар, Президентимиз талаб қилганларидай, ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, аҳолига услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Манғит шаҳридаги Навоий номли мааҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ўтказилди. “Уйма-уй юриш” акцияси доирасида Амударё тумани Адлия бўлими бошлиғи Мансур Садиков “Маҳалла еттилиги” аъзолари ва фуқаролар вакиллари билан учрашди.
Учрашувда Амударё туман Адлия бўлими мутахассислари, туман Давлат хизматлари маркази ходимлари, Навоий номли МФЙ масъуллари, фуқаролар йиғини вакиллари ва ёшлар иштирок этдилар. Мансур Садиков МФЙ масъуллари билан биргаликда маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадонларга кириб, аҳоли билан мулоқотда бўлди. Юзма-юз мулоқотлар жараёнида маҳалладаги Тошкент, Андижон ва Ажиниёз кўчаларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммолари аниқланиб, таҳлил қилинди ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Маҳалла фуқаролари билан бўлиб ўтган самимий мулоқотлар жараёнида масъуллар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги "Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида"ги Фармони мазмун-моҳияти, ушбу Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Амударё туман Адлия бўлими томонидан амалга оширилаётган ҳуқуқий-маърифий ишлар хусусида батафсил маълумотлар берди.
“Уйма-уй юриш”, “Ҳуқуқий кўмак” акцияларини ўтказиш, “Маҳалла еттилиги”га қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқона тилда етказиш, “Online mahalla” платформасига киритилган аҳолининг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш туман Адлия бўлими ходимларининг зиммасидаги масъулиятли вазифалар эканлиги алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, ижтимоий дафтарлар ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдамлар кўрсатилиб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Шунингдек, акция давомида аниқланган ҳуқуқий муаммолар кейинчалик Адлия бўлими томонидан ҳуқуқий кўмак бериш мақсадида алоҳида рўйхатга олиниб, махсус тасдиқланган анкета-сўровномага киритилди ва фуқароларга бу муаммоларнинг ижобий ҳал этилишида имкон қадар амалий ёрдам кўсатиш ҳақида зарур тушунтириш ишлари олиб борилди.
Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар, субсидиялар, грантлар ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турларидан фойдаланиш тартиби ҳақида хабардор қилиш мақсадида маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи ногиронлиги бор бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, уларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, яратилаётган имкониятлар ҳамда имтиёзлар хусусида ҳуқуқий тушунчалар, зарур тавсиялар ҳам берилди.
Тадбир давомида туман Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ўзгаришлар, янгиликлар хусусида тушунтириш ишлари ҳам олиб борилиб, маҳалла фуқароларига сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилди.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶