Ёшлар ҳаётига ўзгаришлар олиб кираётган етакчи
Бугунги кунда “Маҳалла еттилиги” аъзолари зиммасидаги вазифалар кўлами янада кенгайган. Аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш борасидаги натижалар, амалга оширилаётган ижобий ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бу каби ишларни амалга оширишда муаммоли масалаларга алоқадор ташкиллотлар билан самарали ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дўрман овул фуқаролар йиғинида фаолият олиб борувчи “маҳалла еттилиги” аъзолари ҳам ана шундай ҳамкорлик туфайли овул аҳли ҳаётига оид муаммоларни жойига чиққан ҳолда ижобий ҳал этишга эришмоқдалар. Бу борада ОФЙ ёшлар етакчиси Бахтинур Жумамуродов ҳамиша фаол. Бахтинурнинг ОФЙда ёшлар етакчиси сифатида ўз фаолиятини бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Шундай бўлса-да у ўзининг ташаббускорлиги, қилаётган ишига нисбатан чуқур масъулият билан ёндашиши туфайли нафақат овул ёшлари, балки ҳамқишлоқларининг ҳурмати ва ишончини қозона олди.
Атрофимизда шундай инсонлар бор: билимдон, ўз соҳасининг устаси лекин ана шу билим ва салоҳиятини амалда намоён қилишга, бошқаларни ҳам билим ва тажрибасидан баҳраманд этишга келганида ниҳоятда суст, ўзидан нарини кўрмай яшашади. Яна бир тоифа инсонлар ҳам борки, уддабурон, ташаббускор, ўзидаги бор иқтидор ва қобилиятини ишга солишда ўта қатъиятли, жамиятимизда рўй бераётган янгилик ва ўзгаришларни халқ ҳаётига жорий этишда фидойи. Назаримда Дўрман овул фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Бахтинур Жумамуродов ана шундай фидойилардан.
Бахтинурнинг ёшлар етакчиси сифатида бажарадиган ишлар кўлами “Маҳалла еттилиги” аъзолариникидан кўп бўлса кўпки, кам эмас. Чунки овул ёшларининг ўзларига яраша орзу-ниятлари, шу билан бирга муаммолари ҳам бисёр. Шу боис, Бахтинур “Маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда бажариладиган ишлар режасидан ташқари ён дафтарига овул ёшлари ҳаётига доир ечимини кутаётган муаммоларни қайд этиб боришни асло канда қилмайди ва уларни тизимли равишда ҳал этиш чораларини кўради.
Унинг назаридан биронта ёш четда қолмайди. Бирининг муаммосини ҳал этиб, ҳаётига яхшилик, ижобий ўзгаришлар олиб кирганидан, яна бирининг ҳаётда эришган ютуқларидан қувонади. Ёшларнинг иш билан бандлигини таъминлаш эса ёшлар етакчисининг доимий диққат марказида. Фақат жорий йилнинг ўзида 14 нафар ёшга e-auksion электрон савдо платформаси орқали 30 йил давомида экиб, фойдаланишлари учун ижарага ер олиб берилди. Шахсий тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 4 нафар ёшга овулдаги ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан имтиёзли кредит маблағи олиб берилишида бош-қош бўлди.
“Маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликдаги уйма-уй юриб ўрганишлар, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар натижасида ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами рўйхати шакллантирилди. Унга кўра, 12 нафар талаба-ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, уларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш чоралари кўрилди. Натижада 12 нафар талаба-ёшларнинг тўлов-шартнома маблағларининг бир қисми қоплаб берилди. 1 нафар ёшнинг эса сафарбарлик чақирув резерви учун бадал пули тўланишида ёрдам кўрсатилди. “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган яна 2 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш мақсадида уларга ҳоким ёрдамчиси билан биргаликда субсидиялар ажратиш чоралари кўрилмоқда.
Бахтинур овул ёшлари орасига кириб боргани сари унинг ён дафтаридаги шахсий иш режалари бўйича қайдлар ҳам кўпайиб бораверади. Айниқса, Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасидаги тадбирларнинг овул ёшлари ўртасидаги оммавийлигини таъминлаш мақсадида маданият ва санъат тарғиботи, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, китобхонликни кенг оммалаштириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва саводхонлигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўналишларида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларга ёшларни тўлиқ қамраб олишни ўзининг бурчи деб билган Бахтинур Жумамуродовнинг ҳаёти овул ёшлари ҳаёти билан чамбарчас боғланиб кетган.
— Овулимиз ёшлари интилувчан, билимга чанқоқ, – дейди Бахтинур мамнуният билан. – Агар ахборот технологиялари йўналишида зарур шароитларни яратиб берсак, уларнинг орасидан кучли IT мутахассислари етишиб чиқади.
Овулда тез-тез ёшлар орасида ўтказилиб туриладиган кибер спорт ўйинлари тобора оммалашиб бормоқда. Яқинда бўлиб ўтган ана шундай кибер спорт мусобақаларида 25 нафар ёшлар иштирок этишди. “Беш муҳим ташаббус” доирасидаги тадбирларда эса 346 нафар ёшлар қатнашиб, улар ўртасида маданият ва санъат, китобхонлик, ахборот технологиялари, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, хорижий тилларни ўрганиш, ватанпарварлик ғоялари кенг тарғиб қилинди. “Китобхон ўқувчи”, “Хорижий тиллар билимдони” йўналишларидаги танловларда салкам 100 нафар ёшлар иштирок этишиб, ўз билимдонликларини амалда намоён этдилар.
Бахтинур Жумамуродовнинг иш кунлари деярли ҳар куни овул ёшларининг ҳаёти билан чамбарчас, хайрли ташвишлар, эзгу ниятлар билан ўтади. Бу хайрли ташвишлар, эзгу ниятларда дўрманлик ёшларнинг келажакка бўлган ишонч ва орзулари мужассам. Зеро, орзулар оғушидаги ҳаёт тарзида ўзгариш ва янгиланишлар бўлади. Бу Дўрман қишлоғининг бетакрор ва гўзал табиатида, қишлоқ ёшларининг интилишларида, бири-биридан ободон ва саришта хонадонлар, боғларга бурканган кўчалар қиёфасида акс этиб турибди. Ана шу ўзгаришларда, янгиланишларда дўрманлик ёшларнинг ва ОФЙ ёшлар етакчиси Бахтинур Жумамуродовнинг ҳам ҳиссаси бор.
Фурсатдан фойдаланиб, Бахтинур каби фидойи ёшларни, овул ва маҳаллалардаги ташаббускор ёшлар етакчиларини 30 июнь – Ёшлар куни билан табриклаб, уларнинг келгусидаги ишларига омад ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз!
Робия Йўлдошева

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶