Устоз хотираси ҳамиша қалбимизда
Қалбингизда хотира уйғонар экан, ўз-ўзидан соғинч туясиз. Айниқса йўқотган инсонларингизни соғинганингиз сари хотиротнинг олис-яқин манзаралари шуурингизда рангсиз суратларда жонланаверади. Бу манзаралар рангсиз бўлса-да сизга энг яхши, энг сокин, энг бахтли дамларни, сўзларни, воқеа-ҳолатларни тортиқ этади. Турмуш ташвишлари, югур-югурлар билан чарчаган борлиғингизда бир лаҳза енгиллик туясиз. Шунда мангулик сари йўл олган яқинларингиз сизнинг қалбингизда мудом яшаётганини ҳис қиласиз…
Бугун мен ҳам қалбимизнинг бир бурчагида яшаётган, ҳали тупроғи совишга ҳам улгурмаган, аммо, вужудимизни тилка-пора қилаётган соғинчимизга сабаб бўлаётга устозимиз Қаҳрамон Нурумбетовни эслашга, хотирамдаги у ҳақдаги рангин туйғуларни қоғозга туширишга ҳаракат қилдим.
Илк ишимни устозга иш фаолиятида энг яқин бўлган, яхши-ёмон кунида ҳамфикр, ҳамсуҳбат бўлган инсон, яъни ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Сарвар Қутлимуратов билан суҳбатдан бошладим.
– Ўзбек халқи қадимдан меҳрибон, бир-бирига оқибатли, бағрикенг халқ. Халқимиз инсонни қадрлайди, бизда инсон хотираси улуғдир. Амударё тумани мактабгача ва мактаб таълимига қарашли 36-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори, забардаст чинори бўлган марҳум устоз, илм-маърифатли, камтар инсон Қаҳрамон Нурумбетов ҳамиша эзгу фазилатлари билан бошқаларга ибрат бўлиб келган. У шундай инсон бўлдики, уни билганлар фақат меҳр, ҳурмат, эхтиром ва миннатдорчилик туйғулари билан эсга оладилар. Ўзининг қисқа умрини ёшларнинг таълим-тарбиясига бағишлаган жонкуяр раҳбар, устоз, моҳир педагог ва камтарин, инсон Қахромон Жумамуратович Нуримбетов ана шундай маърифатли инсонлардан бири эди, –дея хотирайди Сарвар ака Қутлимуратов.
Қаҳрамон Жумамуратович Нуримбетов 1971 йилнинг 27 июлида Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманининг Манғит шаҳрида зиёли ўқитувчилар оиласида туғилган.
Табиатан тиришқоқ, талабчан, абжир, ҳозиржавоб ўсмир барча фанларни қунт ва ташналик билан ўрганган. У 1999 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Тошкент Давлат университетини (сиртқи) рус тили ва адабиёти ўқитувчиси мутахасислиги бўйича тугатган.
2009-2013 йиллари 36-сонли умумий ўрта таълим мактабининг рус тили фани ўқитувчиси, 2013-2017 йиллари мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, 2017 йилдан то 2023 йил 28 сентябрь кунигача – умрининг охирига қадар шу мактаб директори лавозимида ишлаган
У қисқа умри, самарадор меҳнат фаолияти давомида ўзининг билим савияси, қобилиятини иш жараёнига татбиқ қила билувчи фидоий раҳбар сифатида ўзини намоён қилди. Меҳнат жамоаси ўртасида юксак обрў-эътиборга эга бўлган раҳбаримиз қўл остида ёш авлодга давлат таълим стандартлари ва янги замонавий педагогик технологиялар асосида таълим-тарбия берилди.
Унинг ташаббуси билан мактабда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида спорт ва турли хил фан тўгараклари фаолияти яхши йўлга қўйилиб, турли тадбирлар ташкил қилинди.
Қаҳрамон Нуримбетов мактабга раҳбарлик қилган даврда мактаб ўқувчилари “Билимлар беллашуви” ва “Фанлар олимпиадаси”нинг туман босиқичида фахрли ўринларни эгаллади, Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ҳам муносиб қатнашиб, мактаб обрўсини кўтаришди.
Устознинг улуғ ниятлари ва орзулари бугун у кишининг муносиб шогирдлари томонидан амалга оширилмоқда. Шундай шогирдлари қаторида мен ҳам борлигимдан фахрланаман.
Ҳа, мен ҳам устознинг ҳақиқий шогирдларидан бириман. Сабаби, 36-сонли мактабда таҳсил олганман. Биз 7-синфда ўқиб юрган ватимизда Қаҳрамон устоз бизнинг мактабга келдилар ва биз шогирдларига илму-маърифат улашишни бошладилар.
Устоз биздан ҳеч қачон вақтларини аямас, маслаҳатларини канда қилмасдилар. Илк бора ишга келган куним Қаҳрамон устоз менга ҳайратда қолиб “Умр – оқар дарё... Кечагини ўз ўқувчим бўлиб юрган беғубор қиз бугун олий маълумотли педагог бўлиб, олдимда турибди” – дегани ҳеч эсимдан чиқмайди.
Устоз билан 5 йил биргаликда фаолият юритдим. Бу жуда оз фурсат, аммо мен шу қисқа вақт ичида устоз табиатида жуда кўп ижобий хислатларни кўрдим: инсонийлик, бағрикенглик, юмшоқ феъллик, ширин сўзлик, хуллас, санасам адоғига етиб бўлмайди...
Устоз том маънода ҳавасга лойиқ ҳаёт кечирдилар. Обрў, мартаба, бойлик ва ҳашам ортидан қувмади. Талашгани-тортишгани фақат ҳақ сўз ва ҳақ йўл бўлди. Баъзида кескин сўзи ила, баъзан шогирдлар важидан кимлар биландир яхши-ёмон муносабатда бўлди, аммо ўзи учун ҳеч кимдан ҳеч нима тиланмади.
Устоз ҳақида шеър ёзишга ҳам ҳаракат қилдим, аммо уддалай олмадим. Сўнгра ижтимоий тармоқлардаги бир каналда Жалолиддин Тошимов исмли ёш истеъдодли талаба ўз шеърларини эълон қилиб бораётганини билиб, шу йигитдан устозим ҳақида шеър ёзиб беришни илтимос қилдим. Унинг ижод маҳсули ажойиб сатрларга бой бўлгани учун уни ҳам сизлар билан баҳам кўрмоқчиман:
Йиғламанг, кўзларда кўринмасин ёш,
Эгилиб синмасин мағрур турган бош.
Худодан сўрайман Манғитга бардош,
Илм раҳнамоси – жаннатга йўлдош.
Йиғламанг дуога очинг қўлларни,
Беҳиштга бурсин-да борар йўлларни.
Яшнатиб юборсин ўша чўлларни,
Илм раҳнамоси – жаннатга йўлдош.
Йиғламанг тақдирнинг ёзгани шудир,
Ҳаттоки жим турди саҳрои кабир,
Ё Роббим ўзингдан сўраймиз сабр,
Илм раҳнамоси – жаннатга йўлдош.
Йиғламанг, Манғитнинг ўчмас чироғи,
Юраклар тўрида яшайсиз доим.
Сиз бугун қаҳрамон, билинг эй устоз,
Жаннатни муяссар этсин Худойим!
Мақсуд Шайхзоданинг “Умрлар бўладики, тиригида ўликдир. Умрлар бўладики, ўлганда ҳам тирикдир” мисралари бор. Бизнинг Қаҳрамон устозимиз ҳам ўзидан яхши хотиралар, яхшиликлар қолдирдилар. Шундай экан, устоз барчамизнинг қалбимизда мангу қоладилар. Аллоҳим устозимизни Жаннат билан сийласин!
Муҳайё Каримова, шу мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶