ҚЎТИР – ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИК
Қўтир – каналар чақирадиган ва қичишиш билан характерланадиган терининг паразитар касаллигидир. Касалликнинг қўзғатувчиси қўтир канаси ҳисобланади, бунда каналар тери ичида паразитлик қилиши билан бирга, тери ташқарисида ҳам фаолият кўрсатиши мумкин. Қўтир каналари турли жинсли паразит бўлиб, 30-45 кун умр кўради, аммо мана шу қисқа вақт ичида 40-50 тагача тухум қўйишга улгуради.
Қўтир канаси кундузи фаол бўлмайди, урғочилари фақат кечки вақт ва тунда юзага чиқади. Канага инсон терисига кириб бориши учун тахминан 30 дақиқа керак. Ташқи муҳитда кана тезда вафот этади. Қанчалик иссиқ ва қуруқроқ бўлса, кана фаоллиги ҳатто, ундан ҳам олдин тўхтайди. Аксарият ҳолларда касаллик бемор билан яқин маиший мулоқотда бўлганда, қўл бериб кўришганда, аниқроғи битта ўрин-кўрпадан фойдаланилганда юқиб қолади.
Қўтир билан касалланиш мавсумий характерга эга бўлиб, асосан куз-қиш ойларида тарқалиши кўп кузатилади. Касалликдан ёш болалар кўпроқ зарар кўради. Касалликнинг характерли белгилари қичишиш ва папуловезикулёз тошма бўлиб, баъзан тошмаларни қашиш натижасида инфекция тушиши сабаб иккиламчи йирингли элементлар қўшилиши мумкин.
Беморларнинг шифокорга мурожаат қилишига мажбур қиладиган асосий субъектив белги бу терининг қичишидир. Қичиш оқшомга бориб бошланади ва кечаси авж олади. Чунки бу вақтда каналар терини ковлаётган бўлади. Қўтир канаси 15-20 дақиқа ичида терини ковлаб, ичига киришга улгуради. Касаллик зўрайганда кечаси тери шу қадар қичийдики, ҳатто бемор мижжа қоқмай, тонггача қашиниб чиқади. Оқибатда болалар инжиқ бўлиб қолади, катталарнинг эса меҳнат қобилияти нисбатан пасаяди. Тана териси кундузи деярли қичимайди, беморлар рефлекс равишда қашинадилар.
Қўтир билан касалланган беморларни стационарга ётқизиб даволаш зарур. Беморнинг барча оила аъзолари ва у билан алоқада бўлган шахсларни текшириш иложи борича қисқа муддатларда ўтказилиши лозим. Беморнинг оила аъзолари ва у билан яқин алоқада бўлган шахсларни аниқ ва сифатли текширувдан ўтказиш зарур. Агар у мактабда ўқиса, синфидаги болалар, МТТ тарбияланувчиси бўлса, ҳамма болалар ва барча хизмат кўрсатаётган ходимлар текширилади. Болалар муассасаларида ҳар кунги тиббий кўрик ўтказилиши шарт. Қичима билан касалланган беморларни тўлиқ стационарга ётқизиш зарур.
Бу каби касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида туман СЭО ва ЖСБ дезинфекция бўлими ходимлари томонидан касаллик аниқланган ўчоқларда камерали усулда дезинфекция тадбирлари олиб борилмоқда.
Г.Сейтбаева,
ҚР СЭО ва ЖСБ дезинфекция бўлими мудири.
Д.Гулмирзаев,
Амударё тумани СЭО ва ЖСБ дезинфекция бўлими мудири.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶