Туман ФҲДЁ бўлими томонидан 2023 йил давомида 4815та туғилганлик қайд қилинди
Оила – инсоннинг ҳаёти, фаолияти, бир сўз билан айтганда, бутун умри чамбарчас боғлиқ ҳолда кечадиган мўътабар маскан. Мамлакатимизнинг юздан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатларида оила манфаати ва унинг ҳимоясини мустаҳкамлаш назарда тутилган. Жумладан, 1998 йилда қабул қилинган Оила кодексида никоҳ тузиш ёки никоҳнинг тугатилиши, мулкий, болаларнинг насл-насабини белгилаш, алимент мажбуриятлари, туғилишни, никоҳ тузилганлиги, ўлимни қайд этиш, фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш каби муносабатлар тартибга солинган.
Никоҳ – эркак ва аёлнинг оила тузиш мақсадидаги ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи. У эр-хотиннинг ўзаро ҳуқуқ ва бурчларини вужудга келтиради.
Амударё туманида ҳар йили 2 мингдан зиёд никоҳ қайд қилинади. Уларни тузишда мажбурий тусдаги муайян юридик расмиятчиликларга риоя қилиш талаб этилади.
Қонунда никоҳ тузишнинг тартиби белгиланган. Оила тузишга қарор қилган шахслар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш (ФҲДЁ) органларига ариза беради. Никоҳ ариза берилганидан кейин бир ой ўтгач, никоҳдан ўтаётган шахсларнинг бевосита иштирокида рўйхатдан ўтказилади. Вакил орқали никоҳ тузилишига йўл қўйилмайди. Никоҳ ФҲДЁ органларида қайд қилинмаганда никоҳга кирувчилар ўртасида ҳуқуқий муносабатлар юзага келмайди.Неча ёшгача никоҳга кириш мумкинлиги қонун томонидан чегараланмайди.
Никоҳдан ўтаётган ёшларимиз қонунда белгиланган тартиб ва қоида асосида никоҳдан олдин белгиланган шартларни амалга оширадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан тасдиқланган «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида»ги Низомга асосан турмуш қураётган ёшлар тиббий кўрикдан ўтиши мажбурий қилиб белгиланган. Никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтадилар. Эллик ёшдан ошган никоҳланувчи шахслар тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.
Амударё тумани ФҲДЁ бўлими томонидан аҳолига 2023 йил давомида туғилганликни қайд этиш, никоҳда турмаган ота-оналардан туғилган чақалоқларга оталикни белгилаш, янгидан тузилаётган никоҳларни қайд этиш, ёлғиз онадан туғилган болаларга туғилганлик ҳақида гувоҳномалар бериш борасида ўз вақтида зарур ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди.
Хусусан, туман ФҲДЁ бўлими томонидан 2023 йил давомида 4815та туғилганлик қайд қилиниб, шундан 5 нафари ўз муддатида туғилиши қайд қилинмаган болалар бўлиб, қўшимча ҳужжатлар тўпланишида амалий ёрдам кўрсатилди ва туғилганлиги қайд қилиниб, гувоҳномалар берилди.
Никоҳда турмаган ота-оналардан 2023 йилда туғилган 138 нафар болага оталик белгиланиб, ўтган 2022 йилга нисбатан 24тага, ёлғиз онадан туғилган 52 нафар болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар берилиб, бу бўйича ҳолат ўтган йилга нисбатан 11тага камайди.
1469та никоҳ қайд қилиниб, шундан 1289таси ёш оилалардир. Сайёр равишда ўтказилган никоҳлар сони эса 256тани ташкил қилади. 2023 йилда никоҳдан ажралиш 131та бўлиб, ўтган 2022 йилга нисбатан ажримлар сони 35тага камайди. Бўлимга жисмоний шахслардан келиб тушган жами 280та мурожаатларга тегишли равишда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Минск Конвенцияси асосида келиб тушган мурожаатлар бўйича 64 нафар фуқарога МДҲ давлатларидан гувоҳнома ва маълумотномалар олишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Фуқароларга кўрсатилган ҳуқуқий хизматлар натижасида жами 219 млн сўм давлат божи, 249 млн сўм герб йиғими, 162 млн сўм пулли хизмат кўрсатилди.
М.ЭШМУРАДОВА, туман ФҲДЁ бўлими инспектори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶