“МЕҲР ҲАРАКАТИ” ДОИРАСИДАГИ ТАДБИРЛАР ЮРТДОШЛАРИМИЗГА МАДАД БЎЛАЁТИР
Халқимиз азал-азалдан шу она заминимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик, муҳтожларни қўллаб-қувватлашдек инсоний фазилатларни мўътабар санаб, бир-бири билан дўст-биродар бўлиб яшаб келган, зарурат туғилганда бир-бирига беғараз кўмак берган.
Асрлар оша яшаб келаётган бунингдек умрбоқий урф-одатларимиз, анъаналаримиз замирида аждодларимизнинг юксак ақл-закоси, чин мўминлиги акс этади ва авлодлардан авлодларга ўтиб келмоқда.
Бугунги кунда муҳтарам Юртбошимиз ташаббусларига кўра халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини тинглаб, ижобий ҳал этиш, кўмак бериш ва ҳар бир фуқаронинг ҳаётидан рози бўлиб яшашига эришиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташаббуси билан республикамиз бўйлаб ўтказиб келинаётган “Меҳр ҳаракати” ҳам шароити оғир, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумки Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига нисбатан бизнинг ҳудудимизда қиш фасли совуқ ва узоқроқ давом этади. Бундай об-ҳаво шароитида кам таъминланган оилалар турмушида анча муаммолар юзага келади. Шундай дамларда “Меҳр ҳаракати” доирасида амалга ошириладиган тадбирларда камхарж оилаларга беминнат хайр-саховат кўрсатилиб, қўллаб-қувватланаётир. Бу кўнгилларга илиқлик, шукроналик бахш этади.
Шу йилнинг 9 декабрида Чойкўл овулидаги Дўстлик муқобил машина трактор парки омборхонасида туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Собурова “Меҳр ҳаракати” доирасида туманимиз фермерларининг хайр-саховати ҳисобига жамғарилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эҳтиёжманд 78та оилаларга тарқатди. Туманимизнинг турли бурчакларида истиқомат қилаётган кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, турмушида иқтисодий муаммоларга дуч келган оилалар вакиллари ун, мой, мош, гуруч, картошка, сабзи каби турли рўзғор эҳтиёжига зарур маҳсуолтларни олиб, туманимиз раҳбарларига, саҳоватпеша фермерларга миннатдорчилик билдирдилар. Шунингдек ҳаракат доирасида 105та оилага 42 тонна кўмир, 4 оилага суюлтирилган газ баллони, 2та оилага газ плитаси, 90та оилага иситиш печкалари, эҳтиёжманд оилаларнинг 120 нафар болаларига бошдан оёқ кийим-кечаклар ҳадя этилди.
Туманимизда “Меҳр ҳаракати” доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Халқимизга хос бағрикенгликнинг бир ифодаси бўлган ушбу ҳаракат негизида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисидан айрилган, қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларга беғараз ёрдам берилиб, қишнинг аёзли кунларини талофатларсиз ўтказишларига имкон яратилмоқда.
Ҳаёт йўллари доимо бир текис бўлавермайди. Ҳеч ким мен ҳаётда доимо бахтиёр, фаровон яшайман, ҳеч кимга муҳтож бўлмайман, дея олмайди, тақдир ҳар кимни ҳар хил ҳар манзилда синайди. Шундай дамларда беғараз узатилган дўстона қўл кишига мадад, суянч бўлади. Халқимизга хос бағрикенглик, ўзаро меҳр-оқибат ва хайр-саховат каби урф-одатларимизнинг ҳаётбахшлиги ҳам шундандир.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶