ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Амударё туман бўлинмаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди таъсис этган давлат гранти танловида “Обод маҳаллам” номли лойиҳаси билан қатнашиб ғолиб бўлган эди ва мазкур лойиҳани муваффақиятли амалга оширишга эришди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресруслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва чек қўйиш, аҳолининг экологияга оид билимларини кенгайтириш мақсад қилинган лойиҳа доирасида ўтган давр мобайнида аҳоли, ўқувчилар билан давра суҳбатлари, учрашувлар, турли танловлар ўтказилди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар аҳоли, айниқса, ёшларни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга, табиий ресурсларни тежашга даъват этишга, уларнинг экологияга оид билимларини оширишга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Шунингдек, туман ҳудудининг санитария ҳолати ва экологик вазиятни яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар кенг тарғиб этилди, ўқувчиларнинг табиат бағрига уюштирилган саёҳатлари орқали уларнинг кўнглида она табиатимизга меҳр-муҳаббат туйғулари мустаҳкамланди.
Шу йилнинг 17 ноябрида мазкур грант лойиҳаси режасига мувофиқ маҳаллаларда ободликни таъминлаш, ёшларнинг тиббий ва экологик маданиятини ошириш, уларга соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида Қиличбой овули ҳудудидаги мактаблар ўқувчилари орасида “Табиат бизнинг онамиз” мавзусида иншолар танлови эълон қилинган эди. Танловда ҳудуддаги 7та умумий ўрта таълим муассасаларидан 15 нафар ўқувчилар иштирок этдилар. Эътиборлиси иншолар синфда, лойиҳа ижодкорлари кузатувида ўтказилди ва бу ўқувчилар мавзуга оид манбалардан фойдаланмасдан ўз билимлари бўйича ёзишларини таъминлади.
Мазкур иншолар ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганилиб, холисона баҳоланди. Натижаларга кўра 15-сонли мактаб 9-синф ўқувчиси Мафтуна Ҳайитбоева биринчи, 11-синф ўқувчиси Севара Зарифбоева иккинчи, 20-сонли мактаб 8-синф ўқувчиси Дилнура Йўлдошева учинчи ўринларни эгалладилар. Шунингдек, 23-сонли мактаб 9-синф ўқувчиси Маржона Ражабова, 83-сонли мактаб 11-синф ўқувчиси Маҳлиё Ҳасановаларнинг танловдаги фаол иштироки эътироф этилди.
30 ноябрь куни танлов ғолиблари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан тақдирланди.
Тадбирда туман Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосари Баҳодир Болтабоев, “Тараққиёт кўзгуси газетаси мухбири Ойгул Ражабова, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими ходими Зарифа Соатбоева, лойиҳа ижрочиларидан бири Ҳидоят Султоновлар, танлов ғолиби бўлган ўқувчилар, уларнинг устозлари иштирок этдилар.
Баҳодир Болтабоев, Ойгул Ражабовалар ўқувчиларнинг танловга тақдим этган ижодий ишлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Танловда ғолиб ўқувчилар қимматбаҳо совғалар, Фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.
Севара Исмоилова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶