Секторлар раҳбарлари куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди
Бугунги кунда барча жойларда бўлгани каби Амударё туманида ҳам “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурлари ижроси юзасидан бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Ушбу дастурлар доирасида, ва умуман, юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг ва кечаётган ўзгаришларнинг туб замирида юртдошларимизнинг турмуш шароитларини яхшилаш, уларни бугунги ҳаётидан тўлақонли рози бўлиб яшашларига эришишдек эзгу мақсадлар мужассам.
Кўп йиллар давомида фуқаролар учун ҳаттоки оддий турмуш шароити бўлмаган чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктларида бугун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасидаги хайрли ишлар жадаллик билан олиб борилаяпти.
Ушбу давлат дастурларини самарали ва ўз вақтида ижро қилиш секторлар раҳбарларининг ҳам доимий эътиборида.
2 ноябрь куни Амударё туманидаги секторлар раҳбарлари Бойовул маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларнинг қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишди.
Туманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари билан танишиш ҳамда аҳоли мурожаатларини тинглаб, ижобий ҳал қилиш мақсадида ташкил қилинган ўрганиш жараёнида аҳолига маиший хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлари мутасаддилари ҳам иштирок этишди.
Ташриф давомида масъуллар Бойовул маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдилар. Фуқароларнинг суюлтирилган газ, электр энергияси билан боғлиқ мурожаатлари тингланди. Муаммолар ечими бўйича тегишли масъулларга вазифалар юклатилди. Шунингдек, маҳаллада аҳолини қийнаётган муаммолар юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли тавсия ва аниқ топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, секторлар раҳбарлари кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли шароитини ўрганиш жараёнида бир нечта хонадонларда ҳам бўлдилар. Уларнинг яшаш шароитлари, турмуш тарзи ва муаммолари масъуллар томонидан ўрганилиб, зарур вазифалар белгилаб олинди.
Шу куни масъуллар туман Газ таъминоти корхонасига ташриф буюриб, ҳаво ҳароратининг пасайиши даврида истеъмолчиларга суюлтирилган газни узлуксиз, бир маромида етказиб бериш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни назорат қилдилар.
Кейинги йилларда туман аҳолиси сонининг ошганлиги туфайли табиий газга бўлган талаби ҳам ортгани сир эмас. Шу сабабли, туманнинг табиий газ етиб бормаган чекка жойларига суюлтирилган газни етарли миқдорда ва ўз вақтида етказиб беришга катта эътибор қаратилмоқда.
Ўрганишлар давомида секторлар раҳбарлари ҳамда соҳа мутахассислари томонидан ҳудуддаги газ тақсимлаш пунктлари кўздан кечирилиб, аниқланган камчиликлар жойида батараф этилди.
Бундан ташқари, секторлар раҳбарлари томонидан асосан табиий газ етиб бормайдиган маҳаллалар кесимида шакллантирилган рўйхат ва буюртмалар бўйича аҳолига қулайлик яратиш, яқинлашиб келаётган қиш фаслини беталофат ўтказиб олишларига кўмаклашиш мақсадида кўмир етказиб бериш масаласига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
“Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамиятининг Қорақалпоғистон Республикаси филиалига қарашли кўмир омборлари томонидан 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсуми учун айни кунгача Уйшин маҳалласига 25 тонна, Аёқчи маҳалласига 38,3 тонна, Боғ маҳалласига 38,9 тонна, Беш овул маҳалласига 39,5 тонна, Қиличбой овулига 60 тонна, Қорамон маҳалласига 70 тонна, Хитой овулига 40 тонна, Намуна маҳалласига 20 тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилди ва бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
Аҳолига қулайлик яратиш ва нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида маҳсулотни ҳудудларга етказиб бериш учун эса 6та юк машиналари ажратилган.
Ҳудудларни ўрганишлар якунида секторлар раҳбарлари ишчи гуруҳ аъзоларига ўзларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга масъулият билан ёндошиш, аҳолининг куз-қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиши учун барча зарур чораларни кўриш бўйича кўрсатмалар берди.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶