МУСТАҚИЛЛИКНИНГ 32 ЙИЛЛИГИГА МУНОСИБ ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИЛМОҚДА
Мамлакатимиз ўзининг давлат мустақиллигига эришгани ва мустақил тараққиёт йўлидан одимлай бошлаганига 32 йил тўлди. Бугунги кунда барча соҳалар ривожи йўлида бир тан, бир жон бўлиб яшаётган кўпмиллатли халқимиз ҳуррият берган беқиёс имкониятларнинг моҳиятини, қадрини чуқур англайди. Инсон шаъни, қадр-қиммати юксак тутилиб, юртимизнинг ҳар бир фуқароси муносиб турмуш шароитида яшашига эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларни юксак қадрлайди, айнан мустақиллик туфайли одамларнинг яхши яшаши, муносиб турмуш даражасига эришиши учун имкон берилганини чуқур ҳис қилади.
Шу боисдан ҳам ҳар йили давлатимиз мустақилликка эришган қутлуғ сана – 1 сентябрь юртимизда кенг тантана қилинади. Байрам арафасида барча ҳудудлар ободонлаштирилиб, тартибга келтирилади, истиқлолимизнинг мазмун-моҳиятини, қадрини, бугунги кунда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини тарғиб этувчи турли маънавий-маърифий тадбирлар, халқ сайиллари, оммавий кўнгилочар томошалар ўтказилади.
Айни кунларда туманимизда ҳам мустақилликнинг 32 йиллигини муносиб тарзда нишонлаш мақсадида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2023 йил 2 август кунги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Президент Қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилган Фармойиши асосида Амударё тумани ҳокимлигининг махсус қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ туманимизда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ўтказиш бўйича туман комиссияси таркиби тасдиқланди ва амалга ошириладиган ишлар режаси ишлаб чиқилиб, бу бўйича комиссиянинг барча аъзоларига тегишли топшириқлар берилди.
Қарорга кўра, туманимизда “Маҳалладан – хонадонгача” тамойили асосида “Ободонлаштириш ойлиги” ўтказилмоқда. Бунда барча ҳудудлардаги овул, маҳаллалар, хонадонларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Йўлларни текислаш, дарахтларга шакл бериш, йўл бўйларини тозалаш ишлари бошлаб юборилди. Бундай ҳаракатларда ёши улуғ нуронийлар ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб, ибрат бўлишаяпти. Ҳудудлардаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари хонадонларга ҳам кириб бориши учун байрам олдидан “Обод хонадон” дастури ишлаб чиқилиб, ҳар бир хонадоннинг кўкаламзорлаштирилиши билан бир қаторда оилада соғлом турмуш тарзи барқарорлиги, хонадонда истиқомат қилувчиларнинг санитария-гигиена қоидаларига амал қилиши, чор-атрофни озода, саранжом-саришта тутиши, шунингдек, сув, электр энергияси, табиий газдан тежаб-тергаб фойдаланишига қараб, намуналилари рағбатлантирилади.
Ҳар бир овул, маҳалла, шаҳарча фуқаролар йиғинларида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ишлари йўлга қўйилди.
Ўтказилаётган тадбирларда “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” ҳаётий шиорининг моҳияти аҳолига кенг тарғиб этилмоқда. Шунингдек, туманимиз марказида мустақилликнинг 32 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган улкан байрам тантанасига тайёргарлик бошланиб кетди. Туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган сценарий асосидаги театрлаштирилган улкан томошада туманимиз аҳолисига мамлакатимизнинг ўттиз икки йил давомида босиб ўтган тарихий йўли, барча соҳаларда эришилган натижалар ифода этиб берилади ва улар дилрабо куй-қўшиқлар тинглаб, халқ ўйинларини томоша қилиб, маданий ҳордиқ оладилар.
Янги Ўзбекистон тарихидаги қутлуғ сана – Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамини муносиб нишонлаш мақсадида туманимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар аҳолининг айни кундаги кайфиятига жуда мос. Боиси мамлакатимизда янги демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ишларда, янгиланиш, бунёдкорликларда туманимиз халқининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Улар тараққиёт, фаровонлик асоси айнан истиқлол эканлигини чуқур англайдилар ва қадрлайдилар. Шунинг учун ҳам энг улуғ, энг азиз байрам – мустақиллик кунини муносиб қарши оладилар.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶