“МАҲАЛЛА ХОТИН-ҚИЗЛАР ФАОЛЛАРИНИНГ ПСИХОЛОГИК БИЛИМЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ” МАВЗУСИДА СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ
Маҳалла хотин-қизлар фаоллари учун уларнинг психологик билимларини шакллантириш, фуқаролар билан ишлашда низоли вазиятларнинг олдини олиш, бундай ҳолатларни бартараф этиш йўлларини ўргатиш, низоли, нотинч оилалар билан ишлаш, руҳий тушкунликка тушган шахсларга кўмаклашиш, мулоқот маданияти, зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга биринчи ёрдам кўрсатиш ҳамда ўз жонига қасд қилиш, ажримларнинг олдини олиш каби махсус кўникмалар ҳосил қилиш мақсадида психолог-мутахассислар томонидан семинар-тренинг ўтказилди.
28 июль куни Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро марказида бўлиб ўтган семинарда Ўзбекистон психологлари ассоциацияси аъзоси Зайнаб Қурбанмурадова, Юлдузхон Досжанова, Элла Суннетбаевалар машғулотлар ўтказишди. Машғулотларда туман ҳудудидаги барча овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари иштирок этиб, билим ва кўникмаларга эга бўлишди.
Психолог-мутахассислар машғулотлар давомида иштирокчиларда янги билимлар, зарурий кўникмалар шакллантириб, ҳаётий мисоллар ва вазиятлар орқали чуқур тушунчалар беришди. Мутахассислар томонидан хотин-қизларнинг психологик билимларини шакллантириш, уларга фуқаролар билан ишлашда низоли вазиятларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш йўллари тушунтирилди. Айниқса, нотинч оилалар билан ишлаш, руҳий тушкунликка тушган шахсларга кўмаклашиш, мулоқот маданияти, зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга психологик ёрдам кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида зарур кўрсатмалар берилди.
Таъкидланганидек, ижтимоий ҳаётда, шахслараро муносабатларда айрим алоҳида низолар, ўзаро келишмовчиликлар бўлиб туриши муқаррар. Психологик нуқтаи назардан талқин этганда, одамларга ҳалокатли таъсир этадиган жиҳат бу – низоларнинг ўзи эмас, балки уларнинг оқибати ҳисобланади. Низолар оқибатида инсон руҳиятида қўрқинч, ваҳима, адоват каби салбий ҳислар юзага келади. Агар мазкур кечинмалар кучли бўлса ва узоқ муддат давом этса, одамда ҳимоя реакцияси пайдо бўлиши ва мустаҳкамланиши мумкин. Психологларнинг фикрига кўра, оилада юзага келиш эҳтимоли бўлган низо-жанжалларнинг сабабларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш масалаларини ижобий ҳал қилиш учун биринчи навбатда уларнинг кимлар ўртасида юз бераётганлигини фарқлаб олиш мақсадга мувофиқдир.
Семинар давомида мутахассислар жамиятимизда олиб борилаётган барча ўзгариш ва маънавий ислоҳотлар жамиятда комил-баркамол шахсни тарбиялашга қаратилганлигини, шунинг учун оила муҳитида ота-она ва фарзанд орасидаги муносабатларни тўғри ташкил этиш билан оилада юз бериши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш муҳим саналишини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Бу борада маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг ҳаракатлари, тадбирларни ўз ўрнида қўллай билиши муҳим аҳамиятга эгалигини айтиб, низоларни бартараф этишнинг кўплаб усуллари ва йўллари борасида ишлаб чиқилган тавсиялар билан таништиришди. Хотин-қизлар фаоллари ҳам ушбу семинардан олган билим-кўникмаларни ўз иш фаолиятида татбиқ қилишларини, ўзлари учун керакли тавсияларни олганликларини айтиб, ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
Семинар якунлангандан сўнг, барча хотин-қизлар фаолларига сертификатлар топширилди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶