Фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишнинг ҳуқуқий асослари тушунтирилди
Сайёр қабуллар фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилишнинг самарали механизми саналади. Фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш мақсадида маҳаллаларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар орқали кўпгина муаммолар имкон қадар ижобий ҳал қилинмоқда.
Яқинда Амударё туманининг Қум ёп маҳалласида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, майор Бахрам Уббиниязов, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси катта инспектори, майор Азамат Есназаров, Амударё тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари, майор Шарофат Жолдасбаев ва Амударё тумани Ички ишлар бўлими Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси бошлиғи, капитан Абдураҳмон Умаровлар иштирокида сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабулдан кўзланган мақсад − фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш учун керакли бўлган ҳужжатларни топшириш тартибларини тушунтиришдан иборат бўлди.
Учрашувда Амударё туманида доимий яшовчи жами 332 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар бўлиб, шулардан 86 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш истагини билдиргани айтиб ўтилди.
Қабулда иштирок этган ушбу фуқароларга эндиликда Ўзбекистонда туғилган фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик беришда узлуксиз 5 йил яшаш шарти талаб этилмаслиги, бу эса “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунда белгилаб қўйилганлиги батафсил тушунтириб ўтилди.
Ўзгартиришга кўра, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.
Шунингдек, ота-онасидан бири Ўзбекистон фуқароси деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистонда яшаб келаётган бола хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.
Ундан ташқари, сайёр қабулда мамлакатимизда ахборот тизимини жадал ривожлантириш, аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, турли ахборот тизимларида ва масофавий хизмат кўрсатишда шахсни идентификациялашнинг ягона механизмини жорий этиш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID карталарини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Сайёр қабул давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, тегишлича жавоблар олишди.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶