9-БОЛАЛАР МУСИҚА ВА САНЪАТ МАКТАБИ БЎЛИМЛАРИ ҲИСОБОТ КОНЦЕРТИ ЎТКАЗИЛДИ
Ёш авлоднинг мусиқа ва санъат турларига қизиқиши ва қобилиятини ривожлантириш, ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни халқимиз анъаналарига ва миллий қадриятларига нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялаш ва миллий санъатимиз дурдона асарларини ўрганишга жалб этиш борасида туманимизда иккита Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолият юритмоқда. Ушбу муассасаларда ўқувчиларнинг истеъдодини ҳар томонлама камол топтириш, маданий савиясини юксалтиришга кенг шароитлар яратилган. Ўқувчилар миллий ва жаҳон мусиқаси, тасвирий санъатнинг юксак намуналаридан ва халқимизнинг мумтоз мусиқа, ашула мероси дурдоналаридан баҳраманд бўлиб, уларни ўрганишларига педагог мураббийлар сидқидилдан интилишади.
Манғит шаҳрида фаолият юритаётган 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида 251 нафар ўқувчилар 12 та йўналишларда таълим олишмоқда. Уларга 40 нафар ўқитувчилар мусиқа ва санъатдан чуқур таълим бериб, иқтидорларини юксалтиришга интилишаяпти.
Ўқувчилар иқтидорларига кўра халқ чолғулари, анъанавий хонандалик, анъанавий чолғучилик, фортепиано, торли чолғулар, эстарада хонандалиги, бахшичилик, хореография, тасвирий санъат йўналишларига қамраб олиниб, истеъдодини ривожлантиришга, намоён этишига тўла шароит яратилган. Кейинги йилларда зарур мутахассислар ишга қабул қилингани туфайли театр ва анъанавий бахшичилик, амалий санъат йўналишлари ҳам ташкил этилди.
Муассасада ҳар бир ўқув йили белгиланган қоидалар асосида ташкил этилади ва ўқувчиларнинг мусиқа ва санъатни қай даражада ўзлаштираётганликлари синфлар, бўлимлар, мактаб ҳисобот концертларида, кўрик-танловларда ва синфдан синфга кўчириш имтиҳонларида аниқланади. Шунингдек, туманимизда турли муҳим саналар, умумхалқ байрамлари, сайлларида ҳам мактабнинг иқтидорли ўқувчиларининг чиқишлари халқимиз томонидан қизғин қарши олинмоқда.
Мусиқа ва санъат мактаб анъанавий хонанда ва ижро, фортепиано бўлимларининг анъанавий ҳисобот концерти ҳам муассаса ўқувчилари учунгина эмас, ўқитувчилари учун ҳам жиддий синов бўлди, дейиш мумкин.
Бунда мактаб ўқув йили режасига мувофиқ барча тадбирлар ўз вақтида адо этилишига эришилгани, устоз-шогирд анъанасига мувофиқ ёш ўқитувчиларга улкан тажрибага эга ўқитувчиларнинг устозлик қилиб, сифатли таълим берилишига эришилгани яққол намоён бўлди.
Бўлимлар ҳисобот концертига мактаб ўқувчилари, уларнинг ота-оналари, ўқитувчилар, соҳа фахрийлари иштирок этишиб, бўлимлар ўқувчилари тайёрлаган ҳисобот концертини мириқиб томоша қилдилар, ўқувчиларнинг мусиқа ва санъат соҳасидаги иқтидори, салоҳиятини кўриб қувондилар. Уларни шу даражада тарбиялаётган устозларидан миннатдор бўлдилар.
Шуниси эътиборлики, мазкур муассасада ўқувчиларнинг ижодий қобилиятини юксалтириш, касб-ҳунарга йўналтириш борасида эришилаётган натижалар туфайли йил сайин ўқувчилар қамрови ошмоқда. 2022-2023 ўқув йилида биринчи синфга 94 нафар ўқувчи, шуларнинг 25 нафари мусиқа, 72 нафари санъат йўналишига қабул қилинди.
Муассасада айни кунда ўқувчиларнинг ўқув йили ҳисобот концертига қизғин ҳозирлик кўрилаяпти.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶