Амир Темур номли овулда Наврўз сайли ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида” қабул қилган қарорида Наврўзи оламнинг фалсафасида мужассам бўлган яхшилик ва бағрикенглик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик каби юксак инсоний фазилатларни, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган қадимий урф-одат ва анъаналар, қадриятларимизни аҳоли, хусусан ёшларга кенг тарғиб этиш мақсадида байрамни умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ўтказиш белгиланган. Бундан кўзланган мақсад юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, дўстлик, биродарлик туйғуларини мустаҳкамлаш, халқимиз, ёш авлод қалбида Ватанимизнинг бугуни ва келажагига дахлдорлик туйғусини кучайтиришдир.
Туманимизнинг барча овул ва маҳаллаларида, меҳнат жамоаларида, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида Наврўз байрами кўтаринки руҳда нишонланди. Баҳорий янгиланиш ва бунёдкорлик руҳини, она заминга меҳр, эътибор, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни ифода этадиган, кишиларни бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, эзгу орзу-умидлар билан яшашга ундайдиган бундай маънавий-маърифий, маданий тадбирлар барчада ёрқин таассуротлар қолдирди.
Шу йилнинг 22 март куни туманимизнинг Туркманистон давлати билан чегара ҳудудида жойлашган Амир Темур овулида ҳам “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним” деган ғоя сингдирилган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Овул фуқаролар йиғини биноси олди байрамона безатилиб, дастурхонга Наврўз таомлари сумалак, кўксомса, гўжа, палов, челпак ва овулнинг чевар пазанда қизлари тайёрлаган баҳорий неъматлар тортилди. Тадбирга ташриф буюрган турли миллатга мансуб овул нуронийлари муътабар отахонлар, онахонлар ва барча аҳоли шўх мусиқа садолари остида кутиб олинди.
Наврўз сайлига ташриф буюрган туман ҳокими биринчи ўринбосари Рашид Салаев барчани қутлуғ айём билан табриклади, овул меҳнаткашларининг баҳорги экин-тикин ишларига барака тилади. Овул кексаларининг қутловларидан сўнг ҳақиқий сайил – ўйин-кулгулар бошланди. Шу овул фарзанди Рашид Раҳимовнинг гоҳ ўзбекча, гоҳ туркманча, гоҳ қозоқча қўшиқларига овулда бир ота-она фарзандларидай аҳил-иноқ яшаб келаётган турли миллат вакиллари яйраб рақсга тушдилар.
Шуниси эътиборлики, ушбу ҳудуд туманимизнинг бошқа овул ва махаллаларидан кўпмиллатлилиги билан ажралиб туради. Уларнинг урф-одатлари турлича бўлса-да, қувончи бир, бир-бирининг ташвишига елкадош.
Наврўзи олам сайлида ҳам овул аҳолисининг кўнгиллари-кўнгилларига ҳамроз эканлиги яққол кўринди. Ўйин-кулгулардан сўнг томоша кураш, арқон тортишиш, қўчқор, ит уриштириш каби кўнгилочар қадимий ўйинлар билан давом этди. Сайилни ташкиллаштиришга бош бўлган овул фермерлари ушбу мусобақалар соврини учун 3 та ўжак, 8 та эчки қўйдилар ва ғолибларга топширдилар.
Наврўзи олам сайли овул аҳолисига кўтаринки баҳорий кайфият улашди ва қадимий байрамимизга ҳурматини оширди, “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним” деган эзгу тилак ҳар кўнгилда жаранг сочди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶