ТЎЛҚИН ОВУЛИДА НАВРЎЗИ ТАНТАНАЛАРИ НИШОНЛАНДИ
Халқимиз тарихи ва маданиятининг узвий қисми бўлган Наврўзи олам шодиёналари ҳар бир юртдошимизга кўтаринки кайфият, яшашга иштиёқ бахш этади. Ушбу байрамнинг неча-неча асрлар силсиласидан ўтиб, бизгача етиб келгани, тобора янги маъно-мазмун билан бойиб бораётгани бежиз эмас. Ахир Наврўз тинчлик, тотувлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат тимсоли, кишиларни бирдамликка, ҳамжиҳатликка, меҳнатсеварликка чорлайдиган, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган қадим анъаналаримиз, урф-одатларимиз, қадриятларимиз яққол намоён бўладиган қутлуғ кун.
Сана муносабати билан Тўлқин овулининг Агроном аҳоли пунктида 32-сонли мактаб ўқитувчилар жамоаси ва ҳудуд аҳолиси билан биргаликда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган “Хуш келдинг, Наврўз!” деб номланган байрам тадбирида ҳам ушбу кун мазмун-моҳияти теран очиб берилди.
Тадбирга мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари, ҳудуд аҳолиси, 23-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ходимлари ва тарбияланувчилари иштирок этдилар.
Тантанани 32-сонли мактаб фахрий ўқитувчиси Тўлибой Йўлдошев очди ва барчани Наврўз байрами билан қутлади. Овул хотин-қизлар фаоли Гавҳар Боботоева, ҳудуд профилактика инспектори Равшанбек Қаландаров, таълим фахрийси Дилором Қурбонова, Гулчеҳра Арабовалар табригидан сўнг театрлаштирилган байрам томошаси бошланди. Даврага бошига гулчамбар таққан Наврўзойнинг ташрифини барча қарсаклар билан олқишлаб қарши олишди.
Тўкин дастурхон атрофидан жой олган маҳалла нуронийлари, фаоллари, таълим фидойилари ва ёшлар Наврўзи оламни юртимиз тинчлиги, ободлиги, инсон қадри улуғланган шеърлар, қўшиқлар, рақсларни мириқиб томоша қилдилар. 23-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ижросидаги бадиий чиқишлар ҳам барчага баҳорий кайфият бағишлади.
Мактаб, ҳудуд бадиий ҳаваскорлари биргаликда тайёрлаган театрлаштирилган байрам томошасидан сўнг навбат азал-азалдан Наврўз тантаналаридан муносиб ўрин эгаллаб келаётган халқ ўйинларига берилди. Спортчиларнинг тантанали чиқишларидан сўнг тош кўтариш, арқон тортишиш, мусобақалари ўтказилди. Ниҳоят болажонлар орзиқиб кутган сониялар келди. Улар варрак учириш мусобақасини бошладилар.
Болажонлар ҳар кўкламда ўйнаб маза қиладиган бу ўйинда варракнинг энг юқорига кўтарилиши учун ҳам эпчиллик керак. Барчага хуш кайфият улашган халқ ўйинлари ғолиблари муносиб тақдирланди. “Ассалом, Наврўз” ёзуви акс этган буғдой майсалари ҳам гўё байрамни олқишлаб майин тебранди.
Ҳудуд фермерлари ҳомийлигида ўтказилдан Наврўз тантаналари барчада ўчмас таассуротлар қолдирди.
Севара ИСМОИЛОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶