КАСБГА МЕҲР
Юртимизда устоз ва мураббийлар меҳнати юксак қадрланаётгани замирида уларга халқимизнинг ҳурмат-эҳтироми мужассам. Муяссар Ишниёзова ҳам касбига меҳри билан кўпчиликнинг ҳурматини қозонган устоз.
Муяссарнинг кўнглида ўқитувчиликка ҳавас уйғонганида ҳали бошланғич синф ўқувчиси эди. Бу бежиз эмасди. Бошланғич синф ўқитувчиси Хамзина Ольга Фёдоровнанинг сабоқ беришдаги маҳорати, болажонлиги, синфдаги ҳар бир ўғил-қизни ўз фарзандидек яхши кўриб, ҳар бир машғулотни уларнинг кўнглига жойлаш учун куюнишлари Муяссарнинг ҳавасини келтирар, устози ўрнида гўё ўзини тасаввур қилиб кўрарди. Мактабни тугатиб, Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетининг рус тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирганида ҳам, олийгоҳни имтиёзли диплом билан тугатиб келганида ҳам шу орзу уни тарк этмади. Аммо 1994 йил илк ўқитувчилик фаолиятини бошлаган дамларида Ольга Фёдоровна каби севимли устоз бўлиш учун анча меҳнат қилиши лозимлигини англади: чунки у илк дарсини 30-сонли мактабнинг 11 синфида бошлаган эди. Мустақил ҳаёт бўсағасига келиб қолган, бўйлари бўйига тенг ўқувчилар деярли ҳар дарсида муаллима қизга бир шумлик қилишарди, гоҳ бири стол устидаги сумкасини яширса, гоҳ бири доскага ўгирилганида унинг ўрнига бориб ўтирарди.
Муяссар болаларнинг кўнглига йўл топиш осон эмаслигини англади. Бироқ шу касбни танлаганидан ўкинмади, асабийлашганини уларга сездирмасликка интилди, мактабнинг тажрибали ўқитувчиларининг, бир умр 31-сонли мактабда ўқувчиларга таълим берган онаси Розия Габдулҳаеваларнинг маслаҳатларига амал қилиб, ўзини муносиб тутишга, ўқувчиларнинг ҳурматини қозонишга интилди ва уддасидан чиқди. Орадан ўтган 29 йил мобайнида қанча-қанча ўқувчиларга дарс берди, кўнглида илм-фанга ҳавас уйғотди, яхши инсонлар бўлиб етишишига, ҳаётда ўз ўринларини топишига кўмаклашди.
Олий тоифали ўқитувчи булардан ташқари, туманимиз мактабларининг рус тили ва адабиёт фани ўқитувчиларига тренер ўқитувчи сифатида машғулотлар ўтиб, маҳорати ошишига ҳисса қўшди.
Муяссар Ишниязованинг таълим берган ўқувчилари Билимлар беллашуви, асосий фанлар олимпиадаларида доим фахрли ўринларни эгаллашади. Шундай дамларда у меҳнатлари самарасидан жуда қувонади, ўзи ҳам ўқиш, ўрганишдан тўхтамайди. Шунинг учун ҳам яқинда имтиҳондан 86 балл тўплаб, рус тили ва адабиёти фанини билиш даражаси тўғрисидаги миллий сертификатни олишга эришди.
– Мен илк сабоқ берган ўқувчилар ҳозир эллик ёш остонасига бориб қолишди. Кўришиб қолсак, мактабдаги шўхликларини эслаб, кулишамиз, “устоз”, дея эҳтиром кўрсатишларидан қувониб кетаман. Ҳаётимнинг болаларга бағишланган дамларидан миннатдор бўламан, касбимга меҳрим ошаверади, – дейди Муяссархон.
Ҳа, уни эл-юртда, меҳнат жамоасида, ўқувчилари орасида ҳурмат-эътиборли қилган – касбига меҳри. Шундай фидойи устозлар доим омон бўлсин, деймиз.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶