БЎЛҒУСИ ТАШАББУСКОР ЗОБИТ
Туманимиздаги Ўзбекистон маҳалласида туғилиб-ўсган Соҳибжон Нуруллаев ёшлигидан Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қиларди. У шу орзуси йўлида мактаб ўқувчиси эканлигидаёқ ўзини жанговар тартиб-қоидаларга ўргатди. Оила аъзолари ҳам унинг хоҳиш-иродасини тўғри тушуниб, унга ҳар томонлама ёрдам беришди. Оила бошлиғи – 44-сонли мактаб директори Амин Эшимбетов кенжа ўғлининг ўз орзу-ҳавасларига етишуви учун жон куйдирди.
Мана, Соҳибжон ўз орзулари йўлидаги дастлабки ютуқларни қўлга кирита бошлади. У 2018 йилда 44-сонли мактабнинг 9-синфини тугатгач, Хоразм вилоятидаги “Темурбеклар мактаби”га қабул қилинди. Аъло хулқи ва аъло ўқиши билан мазкур мактаб ўқитувчиларининг эътиборини қозонди.
Соҳибжон “Темурбеклар мактаби”ни имтиёзли равишда тугатиб, орзулари йўлидаги навбатдаги қадамини қўйди. У 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясига ўқишга қабул қилинди. Ҳозирги кунда Соҳибжон академиянинг умум-қўмондонлик йўналиши 3-босқич талабасидир.
Соҳибжон Нуруллаев академияда аъло ўқиш билан бир қаторда бўлғуси зобит сифатида ватанпарвар ёшларни тарбиялашда ташаббускор бўлмоқда. У қишки таътил пайтида туманимиздаги 34-, 44-, 2-, 85-сонли мактаб ўқувчилари билан учрашувлар ўтказиб, ҳарбий ўқув юртига кириш қонун-қоидалари, талаблари, ҳарбийлик тартиб-интизоми, жисмоний ва психологик чиниқишлар ҳақида кенг кўламда тушунтириш, тарғибот ишларини олиб борди.
Ҳарбий бўлиш, Ватан ҳимоячилари сафида туриш ҳар бир соғлом йигитнинг орзусидир. Шундай экан, бу тадбирлардан кейин Соҳибжоннинг издошлари туманимизда яна ҳам кўпайиши шубҳасиз.
Соҳибжоннинг мактаб ўқувчилари билан бўлган учрашувлардаги “Ҳарбийлар учун биринчи навбатда саломатлик, жисмоний тарбия, психологик тайёргарлик зарур”, дея айтган сўзлари ҳар бир бўлажак Ватан ҳимоячиси учун дастуриламал бўлиши аниқ.
– Замонавий Ватан ҳимоячиси ҳар томонлама билимдон бўлиши керак – дейди Соҳибжон, – шу мақсадда мен компьютерда дастурлаш сирларини мукаммал ўрганмоқдаман. Ҳарбий техниканинг барча турларини бошқара оламан. Отиш қуролларини тўкис биламан. Спортнинг волейбол тури билан шуғулланаман.
Туманимиздаги ёш авлод вакиллари Соҳибжон каби йигитлардан ибрат олиб, Қуролли кучларимиз сафи ҳақиқий баҳодирлар билан тўлиб бораверишига шак-шубҳа йўқ.
Ўрозали РЕЙИМОВ.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶