ВАСИЯТНОМА НОТАРИАЛ ТАРТИБДА ТУЗИЛАДИ
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1120-моддасига асосан фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкини, яъни уй-жой, автомототранспорт, бино иншоот ва бошқалар ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда уни тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси “васият” деб эътироф этилади. Васиятномани ёзиб қолдириш учун фуқаро хоҳлаган нотариал идорага шахсан мурожаат қилиши лозим, чунки васиятнома шахсан тузилади.
Васиятномани вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати, яъни паспорти, ҳарбий хизматчилар учун эса ҳарбий гувоҳномаси талаб қилинади. Васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.
Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.
Васият қилувчининг ўрнига нотариус ёки васиятномани тасдиқловчи бошқа шахс, васиятнома кимнинг фойдасига тузилган ёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри, хотини, болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек васият қилувчининг қонун бўйича меросхўрлари имзо қўйиши мумкин эмас. Ундан ташқари, тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар, саводсизлар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар, ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар ҳам васият қилувчининг ўрнига имзо қўя олмайди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1125-моддасига кўра нотариал тасдиқланган васиятнома васият қилувчи томонидан ёзилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим. Васиятномани васият қилувчи сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олиш пайтида умумий қабул қилинган техника воситаларидан, яъни ёзув машинкаси, шахсий компьютер ва ҳоказолардан фойдаланиши мумкин. Васият қилувчининг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган васиятномани имзолашдан олдин васият қилувчи унинг матнини нотариус олдида тўлиқ ўқиб чиқиши лозим. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани шахсан ўқий олмаса, васиятноманинг матни васият қилувчига нотариус томонидан ўқиб эшиттирилади, бу ҳақда васиятномада тегишлича қайд этилиб, васият қилувчи васиятномани шахсан ўқий олмаганлигининг сабаблари кўрсатилади.
Васият қилувчининг хоҳишига кўра васиятнома нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқилмасдан (махфий васиятнома) тасдиқланади. Махфий васиятномани васият қилувчи ҳақиқий саналмаслик хавфи остида ўз қўли билан ёзиши ва имзолаши лозим. Васиятнома икки гувоҳ ва нотариус иштирокида хатжилдга солиниб, хатжилд елимланиши лозим, гувоҳлар ўз фамилиялари, исмлари, оталарининг исмини ва доимий турар жойларини кўрсатган ҳолда хатжилдга имзо қўядилар. Гувоҳлар имзо қўйган хатжилд гувоҳлар ва нотариуснинг иштирокида бошқа хатжилдга солинади ва бу хатжилд ҳам елимланади, унга нотариус тасдиқлаш устхатини ёзиб қўяди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1126-моддасига кўра айрим васиятномалар нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилади.
Касалхоналар, госпиталлар, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки қариялар ва ногиронлар уйларида яшаб турган фуқароларнинг ана шу касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош врачлари, уларнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи врачлари, шунингдек госпиталларнинг бошлиқлари, қариялар ва ногиронлар уйларининг директорлари ёки бош врачлари томонидан тасдиқланган васиятномалари ана шундай васиятномалар қаторига киради.
Ундан ташқари, ҳарбий хизматчиларнинг, нотариуслар бўлмаган ерларда жойлашган ҳарбий қисмларда эса, бу қисмларда ишлаётган ҳарбий бўлмаган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳам ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари, озодликдан маҳрум этиш жойларида ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари ҳам нотариал тасдиқланган васиятномалар билан тенг ҳисобланади.
Васият қилувчи исталган вақтда ўз васиятномасини янги васиятнома тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақлидир.
Н.Жуманиёзова, туман Адлия бўлимининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
ва ҳуқуқни қўлаш амалиётини ўрганиш бўлинмаси бош маслаҳатчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶