ТАДБИРКОРЛИКДА ЯНГИ СОҲА
Туманимизнинг Дурунки маҳалласида истиқомат қилувчи Муяссар Ваисова интернет орқали чувалчанг етиштиришга оид видеоларни кўриб қолади ва унда бу ишга қўл уриш иштиёқи туғилади.
У 2022 йил октябрь ойида маҳалласининг ҳоким ёрдамчиси Сарварбек Комилжоновга мурожаат қилиб, 20 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олишга муваффақ бўлди. Ушбу маблағларни Калифорния қизил чувалчангларини сотиб олиш учун сарфлади.
У ўз ҳовлиси томорқасида чувалчангларни боқиб, уларни мунтазам озиқлантиради.
– Калифорния қизил чувалчанги кечаси-ю кундуз ишлайди. Бир жинсли бўлгани учун тез кўпаяди. Бир ҳафтада битта тухум қўяди ва тухумдан ўртача 16 тадан 24 тагача насл қолдиради. Чувалчанг ишлаб чиқарадиган биогумус экология учун фойдали бўлиш билан бир қаторда, битта кўчатдан ўнта кўчатнинг ҳосилини олиш мумкин, – дейди у.
Дарҳақиқат, чувалчангларнинг ичагида гумин кислотаси бор. Ундан ўтган гўнг шу кислота билан тўйиниб, ўсимликлар учун она сутидек таъсир қиладиган энг зўр ўғитга айланади. У оддий ўғитга қараганда камида 10 баравар кучли ва табиий бўлади. Шунинг учун ҳам биогумус билан озиқлантирилган кўчатлар оддий ўғит билан озиқлантирилган кўчатларга қараганда 15-20 кун илгари ривожланиб, ҳосил беради.
Буни яхши англаган Муяссар Ваисова яқинда яна ҳоким ёрдамчисига мурожаат қилиб, томорқасига иссиқхона қуришда амалий ёрдам сўради. У сотувдан ортган биогумусларини иссиқхонасидаги полиз экинларига ишлатиб, эрта баҳордан бозор расталарини полиз маҳсулотлари билан тўлдирмоқчи.
Биз эса тиниб-тинчимас Муяссар Ваисованинг фаолиятига омад тилаймиз!
Фотима Эшимбетова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶