ДХХ чегара қўшинлари ходимлари иштирокида “Ватанни севмоқ – иймондандир!” шиори остида маънавий-маърифий учрашув ўтказилди
Она Ватанни севиш, унинг сарҳадлари дахлсизлигини сақлаш – бу шунчаки оддий тушунчалар эмас, балки инсоннинг қонига, жисм-у жонига туташ энг буюк туйғудир. Ватан севгиси шунинг учун ҳам буюкки, ана шу муқаддас заминда туғилиб-ўсганимиз, қалбларимизни гупиртирган эзгу орзуларимизни эмин-эркин амалга оширишга интилиб ва бундан завқланиб яшашга мушарраф бўлганимиз, осуда тонгларимизнинг, тинчлигимизнинг бардавомлигидан! Она Юртга бўлган муҳаббат туйғуси билан яшаш эса инсон учун бебаҳо қадрият. Шунинг учун ҳам Ватанни севиш – иймондандир, деган бемисл улуғ тушунча ҳар бир инсонга қувват бағишлайди.
Жорий йилнинг 25 январь санасида Амударё тумани ҳудудидаги Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий зобитлари, муддатли ҳарбий хизмат бурчини адо этаётган аскарлар, туманнинг Қиличбой мавзесидаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари, ҳудудда истиқомат қилувчи ёшлар ҳамда собиқ афғон уруши жангчилари иштирокида “Ватанни севмоқ – иймондандир” шиори остида маънавий-маърифий учрашув ўтказилди. Тадбирда Ватанпарварлик, тинчлик ва бағрикенглик, ўзаро меҳр-оқибат, миллатлараро тотувлик туйғуларининг буюклиги, халқлар, миллатлар ва давлатлар ўртасидаги дўстлик, тенглик, тинчлик тамойилларининг барқарорлигини таъминлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Маънавий-маърифий тадбирни Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари зобити, подполковник Санжар Тошматов ҳарбий ватанпарварлик, тинчлик ва тотувлик, миллатлар ва давлатлар дўстлигини улуғловчи даъваткор маъруза билан очди ҳамда ёшлар қалбига кўтаринки руҳ бағишловчи сўзлари билан тадбир иштирокчиларини фаолликка ундади.
Ҳарбий соҳада тажрибали зобит, подполковник Санжар Тошматов она Ватанни ҳимоя қилишдек энг масъулиятли ва шарафли касб эгалари бўлган ҳарбийлар, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари сафларида ўзларининг йигитлик бурчларини матонат билан адо этаётган аскарларнинг Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш борасидаги фидойиликлари хусусида ёшларга сўзлаб берди.
Учрашув тадбирида ҳарбий зобитлар – 1-даражали капитан Ҳошимжон Тошпўлатов, сержант Отабек Маҳмудовлар ёшларга ўзлари фаолият олиб бораётган ҳарбий қисм томонидан амалга оширилаётган ишлар, замонавий ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар ҳақида сўзлаб беришди.
Шу билан бирга, келажакда ҳарбий соҳада хизмат қилишни хоҳловчи ёшлар учун мамлакатимиздаги олий ҳарбий Академия, махсус ҳарбий билим юртлари, “Темурбеклар мактаби” ва ушбу ҳарбий ўқув юртларига ҳужжат топшириш қоидалари, жисмоний етуклик ва назарий билимлар бўйича синовлар тартиб-қоидалари хусусида зарур тушунчалар ҳамда маълумотлар бердилар.
Шундан сўнг, учрашув тадбирига таклиф этилган собиқ афғон уруши иштирокчилари А.Абдураҳмонов, Б.Жуманиёзов, Х.Сапарбоев, С.Хўрозов, О.Хўжаниёзов, Р.Хўрозовлар бугунги тинч ва осойишта ҳаёт, фаровон турмушнинг қадрига етиш ҳар бир инсоннинг зиммасидаги бурчи эканлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, тинчлик ва тараққиёт ҳоким бўлган мустақил Ватанда ҳарбий хизмат бурчини ўташ бугунги ёшлар учун чин маънодаги бахт эканлигини ҳавас билан эътироф этдилар.
Тадбир давомида ёшлар собиқ афғончи-жангчиларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар ва барча саволларига батафсил жавоблар олдилар. Учрашув тадбири Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг казармасида давом эттирилиб, бу ерда ёшлар ҳарбий зобитлар ва аскарлар учун яратилган шароитлар ва имкониятлар билан яқиндан танишдилар.
Учрашув тадбирида Нукус ҳарбий прокуратураси ходими, катта лейтенант Азизжон Каримов иштирок этди ва Қиличбой мавзесидаги умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари билан самимий мулоқотда бўлиб, Ўзбекистон Республикаси сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қонуний асослар хусусида сўзлаб берди.
Учрашув якунида собиқ афғон уруши иштирокчиларига совғалар берилди.
Бўлиб ўтган мазкур учрашув ёшлар қалбида “Ватанни севмоқ – иймондандир” деган эзгу ғояни янада мустаҳкамлади.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶