ПРОБАЦИЯ ГУРУҲИ ҲИСОБИДА ТУРУВЧИ 17 НАФАР МАҲКУМ МУДДАТИДАН АВВАЛ ОЗОД ЭТИЛДИ
Республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида одамларнинг давлатга ишончи юксалиб, ҳаётларидан рози бўлиб яшаши таъминланмоқда. Хусусан, билиб-билмай жиноят содир этиб қўйиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, содир этган жиноятининг оқибатларини тушуниб етган шахслар авф этилиб, уларнинг жамиятга мослашувига шароит яратилмоқда.
Жиноят турига кўра озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган, ёхуд тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг ўталмаган қисми озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турига алмаштирилган маҳкумлар ушбу жазо турини ўташ даврида муносиб хулқ-атворда бўлса, тузалиш йўлига ўтиб, жазони ўташ тартиб-қоидаларига амал қилса, муддатидан олдин озод этилади. Давлатимизнинг бунингдек бағрикенглик, инсонпарварлик сиёсати туфайли шодлик-қувонч кириб келган оилалар кўпчилик.
11 январь куни жиноят ишлари бўйича Амударё тумани суди томонидан Бойовул маҳалла фуқаролар йиғини биносида сайёр суд мажлиси ўтказилиб, унда туман Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи ҳисобида турган ва тузалиш йўлига ўтган 17 нафар маҳкумларга нисбатан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.
Маҳкумлардан бири оқибатини чуқур ўйлаб кўрмай, тез ва мўмай пул топиш илинжида жиноят кўчасига кириб қолган юртдошимиздир. Халқимизда сўнгги пушаймон – ўзингга душман, деган ибора бор. У ҳам қилмишидан пушаймонлигини хулқ-атвори билан исботлади, муассаса тартиб-қоидаларига бўйсунди, меҳнатсеварлигини кўрсатди. Натижада бир йилга яқин вақт ўтгач, унинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси суд ҳукми билан ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди ва у ишга жойлашди.
Давлатимизнинг кечиримлилик сиёсати натижасида мазкур суд мажлисида жами 17 нафар маҳкум озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазодан муддатидан олдин озод этилди.
Адашганнинг айби йўқ – қайтиб йўлини топса, дейди халқимиз. Уларнинг энди адашмасликларини тилаб қоламиз.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶