“МЕҲР” АКЦИЯСИ ДОИРАСИДА ЭҲТИЁЖМАНД ОИЛАЛАРДАН ХАБАР ОЛИНДИ
Янги йилнинг кириб келиши халқимизни нафақат қувончларга ошна қилади, балки янги режалар тузиш, ўзаро меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаш, хайр-у саховатли бўлиш сари руҳлантиради. Шунинг учун ҳам Янги йил байрами арафасида, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар аъзолари, юртимизнинг меҳр-муҳаббатга, ҳурматга муносиб нуронийлари ҳолидан хабар олиш, уларга байрамона кайфият бағишлаш доимий анъанага айланган.
Янги йил байрами арафасида, 2022 йилнинг 30 декабрь санасида Ўзбекистон халқ демократик партияси Амударё туман Кенгаши раиси Маҳмуд Эшманов раҳбарлигида мазкур партиядан сайланган депутатлар томонидан “Меҳр” ҳаракати акцияси доирасида хайр-саховат тадбирлари амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Амударё туман Кенгаши депутати, 31-сонли умумтаълим мактаби директори Нилуфар Давлетова партиянинг Амударё туман Кенгаши раиси Маҳмуд Эшманов билан биргаликда Манғит шаҳрининг Дўстлик ва Дурунки маҳаллаларида истиқомат қилувчи якка-ёлғиз, эҳтиёжманд юртдошларимиз ҳолидан хабар олишиб, уларга Янги йил табрикларини йўллашди, байрам совғалари, турли хил озиқ-овқат маҳсулотларини ҳадя қилишди.
Маҳмуд Эшманов ва Нилуфар Давлетова дастлаб, Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Нурилла Худоёров ва Файзулла Худоёров хонадонларида бўлишди ва уларнинг оила аъзоларини янги йил байрами билан табриклаб, байрам дастурхони учун витаминларга бой, сархил озиқ-овқат маҳсулотларини топширишди. Шундан сўнг, мазкур маҳаллада яшовчи якка-ёлғиз фуқаро Ражаб Раҳимовнинг ҳам ҳолидан хабар олишди. Ражаб Раҳимовга байрамона кайфият бағишлаш, унинг руҳиятини кўтариш мақсадида самимий, дилдан мулоқот ўтказдилар ҳамда Ражаб Раҳимовга Янги йил байрами дастурхонини безатиш учун зарур бўладиган озиқ-овқатлар тўпламини совға қилдилар.
“Меҳр” ҳаракати акцияси доирасида Маҳмуд Эшманов билан Нилуфар Давлетова Дурунки маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Қурбонбой Самандаровнинг хонадонига ҳам ташриф буюришди. Қурбонбой Самандаровнинг яшаш шароити, соғлиги билан яқиндан танишиб, муаммоларини ўрганишди. Шу билан бирга тадбир давомида Қурбонбой Самандаровнинг ҳам кайфиятини кўтариш, байрамона руҳ бағишлаш мақсадида самимий табриклар йўлладилар. Яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан муборакбод этишиб, отахоннинг байрам дастурхони учун ширинликлар, витаминларга бой турли ноз-неъматлар, шарбатлар ва кундалик озиқ-овқат маҳсулотларини туҳфа этдилар.
“Меҳр” ҳаракати акцияси доирасида амалга оширилган мазкур тадбирдан нафақат эҳтиёжманд ва якка-ёлғиз инсонлар, уларга меҳр кўрсатилгани учун маҳалладошлари ва қўни-қўшнилари ҳам мамнун бўлдилар.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶