ТЎЛҚИН ОВУЛИДА 11 МИЛЛИАРД СЎМЛИКДАН ЗИЁД ОБОДОНЛАШТИРИШ, ҚУРИЛИШ ИШЛАРИ БАЖАРИЛДИ
Юртимизда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш орқали ҳудудларнинг йўл-транспорт инфратузилмасини, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш ва шу асосда аҳоли фаровонлигини ҳамда турмуш даражасини юксалтириш кўзда тутилган.
2022 йил “Обод қишлоқ” дастурига киритилган туманимизнинг Тўлқин овулида дастур доирасида амалга оширилган ишлар овул аҳолисининг ҳаётига чинакам ободлик бахш этди, эртаги кунга ишончини мустаҳкамлади, давлат бошқарувига ҳурмат ҳиссини юксалтирди.
Дастур доирасида шу кунгача 24-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биносини мукаммал таъмирлаш, 11 километрлик ички йўлларни таъмирлаш, шу жумладан Буюк келажак кўчасининг 0,6 километр қисмига бетон қоплама ётқизиш, 21 та ички кўчаларининг жами 11 километр қисмини жорий таъмирлаш, шунингдек, заҳира маблағлари ҳисобидан Турон, Маърифатчилар, Қувонч кўчаларининг 1,77 километр қисмини жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Овул ҳудудида табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 4,4 километрлик газ тармоғи ва 19 та газ тақсимлаш пунктларини таъмирлаш, 4 та ичимлик суви иншоотини қуриш ишлари тўлиқ якунланди. 2 километрлик пиёдалар йўлакчасини қуриш ишлари якунига етай деб турибди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 3,3 километрлик линия тортиш ва 3 та трансформатор ўрнатиш, 115 та электр таянч устунларини ўрнатиш ишлари тўлиқ якунланиб, ҳозирги кунда туман электр тармоқлари корхонаси томонидан электр линияларини тармоққа улаш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек 80 дона тунги ёритгичлар ўрнатилди, 4 километрлик алоқа тармоғи тортилди, 4 та чиқинди контейнерлари ўрнатилди, 160 та турар жойларнинг фасад қисми таъмирланди.
Бир йил ичида амалга оширилган бунингдек ўзгаришлар, бунёдкорликлар Тўлқин овулига чинакам ободлик, кўркамлик, ўзгача файз бахш этди. Ҳудуд аҳолиси бунингдек эътибор, янгиланишларга муносиб меҳнат қилишга, турмуш кечиришга интилмоқда.
Овул фуқаролар йиғини оқсоқоли Рашид Абдугалиев, ҳоким ёрдамчиси Руслан Сағинбоев, ёшлар етакчиси Фозилбек Қурбонбоев, хотин-қизлар фаоли Гавҳар Боботоевалар ўзгалар парваришга муҳтож нуроний кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб, қўллаб-қувватламоқда.
Йил бошида 142 нафар аёл “Аёллар дафтари”га киритилган эди. Шуларнинг 79 нафари ишлаш истагидаги аёллар эди. Гулора Бобожонова йиғин биносининг бўш турган хоналарида тикувчилик цехи ташкил этди ва ўзи каби 6 нафар аёлнинг бандлигини таъминлади, 20 нафар аёл-қизларни тикувчилик касбига ўқитиб, ҳунарли қилди. 7 та кам таъминланган оила кредит ҳисобига тадбиркорлик фаолиятини бошлади, 3 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оиланинг турар жойи таъмирлаб берилди. Йиғин биноси ёнида қад ростлаган болалар ўйингоҳи ўқувчи-ёшларнинг спорт билан шуғулланиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига ёрдам бермоқда.
Овулнинг 42 нафар ёшлари республикамизнинг турли олий таълим муассасаларида таълим олишмоқда. Жорий йилда кам таъминланган оилаларнинг, контракт шартнома асосида ўқиётган 6 нафар ёшларининг контракт пуллари тўлаб берилди.
Овулда тадбиркорлик, деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланиб, ўз оиласи фаровонлигини таъминлаб, янги иш ўринлари яратаётган, овулдошларининг ҳам ҳаёти тўкин бўлишига ҳисса қўшаётганлар кўп.
15 декабрь куни овул аҳолиси ҳаётида яна бир қувончли воқеа бўлди: Инвестиция дастури асосида қайта қурилган 39-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг замонавий, кўркам барча шароитларга эга муҳташам биноси фойдаланишга топширилди.
Ободлик кўнгилдан бошланади. Жорий йилда тўлқинликларнинг кўнгиллари ҳам, овули ҳам обод бўлди.
Ойгул РАЖАБОВА

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶