“МЕҲР ҲАРАКАТИ” ДОИРАСИДА 20 ТА ХОНАДОНЛАРГА ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ ТАРҚАТИЛДИ
Меҳр-оқибат, дўстлик-биродарлик, бир-бировнинг қувончи дамларида ҳам, ташвишли дамларида ҳам бирга бўлиш, бир-бировни қўллаб-қувватлаш халқимизнинг азалий одатларидандир. Ана шундай эзгу амаллар ҳаётимизга файз бахш этибгина қолмай, неча-неча инсонларнинг ҳаётга иштиёқини, эртаги кунга ишончини оширади.
Бугунгидек қишнинг изғиринли кунларида иситиш тизими харажатларининг ошиши, оила-аъзоларининг қишки кийим-кечаклари учун қўшимча сарф-харажатлар баъзи хонадонларда иқтисодий етишмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Ушбу мавсумда кам таъминланган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Меҳр ҳаракати” кўпчиликка мадад бўлаётир.
Миллий қадрият даражасига кўтарилган меҳр-оқибат, саховат, ҳиммат, олижаноблик каби фазилатларни улуғлаб келаётган юртдошларимиз бу ҳаракатга бош қўшиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига беминнат кўмак бериб, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик устуворлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Ана шундай инсонлардан бири – қипчоқлик тадбиркор, “Қипчоқ ғалла кластери” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Баҳром Йўлдошевдир.
Ушбу кластер Амударё туманида фаолият юритаётган 327 та фермер хўжаликларининг 5861 гектар ғалла майдонларини қамраб олган. Ўтган йили ушбу майдонларда буғдойдан юқори ҳосил олинди. 2023 йил ҳосили учун буғдой экилган далаларда ҳам тўлиқ ниҳол олиниб, кузги парвариш, озиқлантириш ишлари агротехника қоидалари асосида сифатли бажарилди. Бунинг учун кластер томонидан ғаллакорлар зарур ўғитлар, зараркунандаларга қарши препаратлар билан етарли таъминланди.
Туманимизда аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулоти – мўл ғалла етиштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари самарали бўлмоқда. 18 декабрь куни кластер таъсисчиси Баҳром Йўлдошев Қипчоқ овул ва шаҳарча, Дарёбўйи, Бештом маҳаллалари ҳамда Назархон овул фуқаролар йиғинлари тавсияларига кўра, ҳудудлардаги кам таъминланган 20 та оилаларга картошка, пиёз, ун, ёғ, гуруч каби озиқ-овқат маҳсулотлари, қишки кийимлар ҳадя этди.
Маҳсулотларни жамият раиси Еркинбой Алламов тарқатди ва барча хонадонлар аъзоларини кириб келаётган Янги йил билан қизғин қутлади. “Меҳр ҳаракати” доирасидаги ушбу савобли амал 20 та хонадонга ёруғлик олиб кирди.
Шуниси эътиборлики, халқимиз тарихига назар солсак, тараққиётнинг барча даврларида ҳам аждодларимиз турли синов, ташвишларни ҳамжиҳатлик билан енгиб келганини, борини эл билан бирга баҳам кўриб келганини англаймиз. Улуғ қадриятларимизга содиқ инсонлар омон бўлишсин!
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶