“ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ОЙЛИГИ” ДОИРАСИДА ЎҚУВЧИ-ЁШЛАР ЎРТАСИДА КЎРИК-ТАНЛОВ ЎТКАЗИЛДИ
Аҳоли ўртасида ёнғинлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда жорий йилнинг 15 ноябридан 15 декабрига қадар “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” ўтказилмоқда. Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек, аҳоли турар жойларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштирган ҳолда янада жадаллаштириш ва бу ишларда фуқароларнинг кенг иштирокини таъминлашдан иборат.
Амударё туманида ҳам “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида аҳоли ўртасида, умумтаълим мактаблари ўқувчи-ёшлари билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, ёнғин содир бўлиш хавфининг олдини олишда биринчи галда амал қилиниши талаб этиладиган вазифалар юзасидан тушунтиришлар олиб борилмоқда.
9 декабрь куни “Баркамол авлод” болалар мактабида “Ёнғин хавсизлиги ойлиги” доирасида тумандаги умумтаълим мактабларининг 10-синф ўқувчилари ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини, уларга амал қилишни билиш даражасини аниқлаш бўйича кўрик-танлов тарзидаги тадбир ўтказилди. Тадбирни туман Фавқулодда вазиятлар бўлими Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш хавфсизлик тарғиботи бўлинмаси бошлиғи Бекзод Тажибоев олиб борди.
Танлов уч босқичда ташкил этилди. Биринчи босқичда жамоалар ёнғин хавфининг олдини олиш, айни пайтда давом этаётган ойлик доирасидаги тадбирлар бўйича саволларга жавоблар беришди. Иккинчи босқичда ўқувчи-ёшлар ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга оид суратлар чизишди. Учинчи босқичда эса ўқувчиларнинг ёнғин ўчириш автомобили, унинг вазифалари тўғрисидаги тушунчалари, билимлари синовдан ўтказилди. Ўқувчи-ёшлар танловда ёнғин ҳодисасининг салбий оқибатлари, унинг олдини олиш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга доир маълумотларга етарлича эга эканликларини намойиш этишди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айни кунларда ойлик доирасида аҳоли турар жойлари, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларига қарашли бино ва иншоотларда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Текширувлар жараёнларида аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, иситиш печларидан, электр ускуналардан уй шароитида фойдаланишда эътибор бериш зарур бўлган энг муҳим қоидалар ҳақида зарур тушунча ва тавсиялар берилиб, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича буклетлар тарқатилмоқда.
Бўлиб ўтаётган профилактик тадбирларда табиий газ тармоқларига таъқиқланган жиҳозлар, айниқса, резина шланглар орқали уланиш, хонадонлардаги иситиш печларини резина шланглар ёрдамида иситиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланиб, бу каби салбий ҳолатлар нафақат оила аъзолари, балки қўни-қўшнилар ва жамият учун ҳам зарарли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги, чунки айнан шундай ҳолатлар туфайли мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ис газидан заҳарланиш каби кўнгилсиз воқеалар, чала ёнган газнинг чақнаши оқибатида ёнғинлар юз бераётгани аҳолига ҳаётий мисоллар орқали кенг тушунтирилмоқда.
Қизғин тарзда давом этган тадбир якунида 1-ўринни 38-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчилари, 2-ўринни 40-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчилари ва 3-ўринни 82-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчилари эгаллашди. Уларга туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Ҳамро Матёқубов фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғаларини топширди.
Тадбир якунида ёнғин-қутқарув техникалари ва воситалари кўргазмали тарзда намойиш этилиб, кенг тушунчалар берилди. Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан ёнғин ўчириш автомобили ва асбоб-анжомлар атрофлича таништирилди ҳамда шартли равишда ёнғин ҳосил қилиниб, ўқувчилар бирламчи ёнғин ўчириш воситаларини ишлатишни амалда синаб кўришди. Қизиқарли ўтган тадбирда ўқувчи-ёшлар ёнғиннинг салбий оқибатлари ва уларнинг олдини олиш, хавфсизлик қоидаларига риоя этишга доир билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашди.
С.Бердекеев, туман ФВБ бошлиғи ўринбосари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶