Фуқароларнинг тегишли органларга мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқлари амалда таъминланмоқда
Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда. Сана муносабати билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, Конституциямизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳаётий мисоллар орқали ифода этилмоқда.
Айтиш керакки, Конституциямизда инсон қадри ва унинг ҳуқуқ ва манфаатлари энг юқори ўринга қўйилган. Бош Қомусимизнинг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” дея белгилаб қўйилган.
“Сиёсий ҳуқуқлар” деб номланган 8-бобидаги 35-моддасида эса “Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”, деб белгиланган.
Бу билан фуқароларнинг мурожаат қилиши ҳуқуқи конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, ўз навбатида ваколатли давлат органлари, муассасалар ва халқ вакилларига ҳам фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш вазифаси юкланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Амударё туманидаги Халқ қабулхонаси томонидан ушбу мезонларга амал қилинган ҳолда фуқаролар мурожаатларини тинглаш ва ижобий ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қабулхонага 2022 йил бошидан 31 октябрь санасига қадар жами 2213 та масалалар бўйича мурожаатлар келиб тушган. Шундан, 952 таси “Ишонч телефони” орқали, 30 таси Президент почтаси, 1 таси Президент Халқ қабулхонаси, 79 таси сайёр қабуллар, 55 та мурожаат веб-сайт орқали қабул қилинган. Қолган 378 та мурожаат туман Халқ қабулхонасининг ўзида, 718 таси эса секторлар раҳбарларининг жойлардаги сайёр қабулларида фуқаролар томонидан берилган.
Ушбу келиб тушган 2213 та мурожаатларнинг 2137 таси кўриб чиқилган бўлиб, 1718 таси қаноатлантирилган. Шундан, 701 таси ижобий ҳал қилинган, 1005 таси ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал қилинган. Мурожаатлардан 12 таси узоқ муддатли назоратга олинган бўлиб, 398 тасига тушунтириш берилган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган, 9 таси рад этилган, 11 таси тугатилган. Қолган 76 таси эса кўриб чиқилиш жараёнида.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Амударё туманидаги Халқ қабулхонаси аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Қабулхона масъуллари фуқароларнинг тегишли органларга мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш, келиб тушган мурожаатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ, холис, ўз вақтида кўриб чиқилиши ва ҳал этилишини ташкил этиш ҳамда назорат қилиш борасидаги фаолиятини самарали амалга оширмоқдалар.
Э.Ражабов, Президентнинг Амударё туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶