ДАРЁБЎЙИ МФЙНИНГ ФИДОЙИ ИНСПЕКТОРИ
Инсон ўзини ижтимоий-иқтисодий, маънавий ва маданий жиҳатдан тўлақонли баркамол ҳис этиши учун, аввало, ўз касб-коридан, қилаётган ишидан кўнгли тўқ бўлиши керак. Ана шунда, ўзи севган касб фаолияти билан шуғулланишдан завқ олади, эл-юрт, оиласи манфаати йўлида сафарбар этилган умрининг ҳар бир лаҳзасидан маъно-мазмунлар топиб яшайди. Моҳиятан олиб қараганда, оқар сувдай оқиб бораётган инсон умрининг қандай ўзанда бўлиши унинг ўзига, ҳаёт тарзига боғлиқ.
Амударё тумани Ички ишлар бўлими Жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори Фурқат Ўрозбоев халқ осойишталиги посбони вазифасида ишлашни орзу қилганида ҳали мактаб ўқувчиси эди.
Тумандаги 78-сонли умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тугатган Фурқат Ўрозбоев 2009 йилда Ажиниёз номидаги НДПИнинг тарих факультетига ўқишга кирди. У биринчи галда мамлакатимиз ва дунё тарихини пухта ўрганиш, халқ дипломатиясининг теран илдизлари, маънавий, маданий қадриятлари бўйича мукаммал билимга эга бўлиш учун интилди. Институт таълимидан ташқари, ўз орзуларини амалга ошириш йўлида қўшимча адабиётларни топиб ўқиди, изланди.
2013 йилда институтни муваффақиятли тугатган Фурқат Ўрозбоев бир йил довомида Қашқадарё вилоятининг Нуристон туманидаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизмат бурчини адо этди. Ана шу ҳарбий хизмат даври уни ватанпарвар, халқ осойишталиги йўлидаги фидойи шахс сифатида шакллантирди.
Ҳарбий хизматдан қайтгач, илк иш фаолиятини Тўрткўл тумани ИИБда қўриқлаш бўлими ходими сифатида ишлашдан бошлади. ИИБ тизимида ишлаш ходимдан қатъият ва матонатни талаб қилади. Бунда Фурқат Ўрозбоевга муддатли ҳарбий хизматни ўташ жараёнидаги билим ва кўникмалари қўл келди. Вақт билан ҳисоблашмай ишлаш, жамоат ва давлат хавфсизлиги дахлсизлигини сақлаш борасида ўзига топширилган ҳудудларда тун-у кун намунали фаолият олиб борди.
Ўз хизмат вазифасига маъсулият билан ёндашиши, атрофидагиларга нисбатан маданиятли, самимий муносабати туфайли қисқа фурсат ичида Тўрткўл тумани ИИБ раҳбарияти назарига тушди. У 2017-2019 йилларда Тўрткўл тумани ИИБ қўриқлаш бўлими сафдор ходими, 2019-2020 йилларда канцелярия бўлими бошлиғи вазифаларида фаолият олиб борди.
Фурқат Ўрозбоев 2020 йилда ўзи туғилиб ўсган Амударё туманида ўз хизмат вазифасини давом эттирди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси таянч пунктлари прокфилактика инспектори вазифасида икки йил иш юритган Фурқат Ўрозбоев айни пайтда Амударё тумани ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори сифатида Дарёбўйи маҳалласидаги 357-сонли таянч пунктида фаолит олиб бормоқда.
Дарёбўйи маҳалласи аҳоли сони жиҳатидан ҳам, географик ўрни жиҳатидан ҳам тумандаги йирик маҳаллалардан бири ҳисобланади. Умумий ер майдони 278 квадрат километрни ташкил этувчи маҳалла ҳудудидаги 482 та хонадонга бирлашган 708 та оилада 2741 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуддаги 26 та маданий-маиший ва ижтимоий объектлар, яъни корхона ва ташкилотлар, таълим, тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари мавжуд бўлиб, аҳолининг асосий қисми мазкур йўналишларда фаолият олиб боради.
Фурқат Ўрозбоевнинг ўз хизмат ҳудуди бўйича амалга оширадиган фаолият кўлами кенг. У йиғин раиси, хотин-қизлар фаоли ҳоким ёрдамчиси ҳамда ёшлар етакчиси, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда ҳар бир хонадонга кириб бориб, аҳоли ҳаётига оид муаммоларни ижобий ҳад этиш, ҳудуддаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ободонлаштириш ишларини ўрганиб, аниқланган камчиликларни имкон қадар тез ва самарали ҳал этишга ҳаракат қилади.
Фурқат Ўрозбоев иштирокида ўтказилиб келинаётган “Хавфсиз тун”, “Пайҳон”, “Турмуш”, “Хавфсиз ҳудуд” тадбирлари аҳоли осойишталигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Мазкур профилактик тадбирларнинг самарали ўтказилиши натижасида маҳалла ҳудудида 2022 йил давомида талончилик, товламачилик, одам савдоси, автотранспортларни олиб қочиш каби жиноятлар содир этилмади. 2022 йилнинг ўтган 10 ойи давомида вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланмади.
Ҳар бир ишни маҳалла масъуллари билан ҳамкорликда олиб боргани учун 2020-2022 йиллар давомида Дарёбўйи маҳалласи ҳудудида жиноятлар содир бўлмади. Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари эса ўз вақтида бартараф этилиб, зарур чоралар кўрилгани боис, бундай ҳолатлар ҳам кескин камайиб бормоқда.
Ҳар бир иш кунини маҳалла ҳудудидаги яшаш жойларидан узоқда, меҳнат муҳожирлигида, ўқиш ёки иш юзасидан бошқа шаҳар ёки хорижий давлатларда бўлиб турган фуқароларнинг оиласидаги мавжуд вазият билан танишиш, ҳудуд аҳолисининг ариза ва мурожаатларини жойига чиқиб ўрганишдан бошлайдиган профилактика инспектори, катта лейтенант Фурқат Ўрозбоев фуқаролар йиғини раиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси билан ҳамкорликда ҳудуд фаоллари иштирокида ҳисобот учрашувлари ўтказиб, учрашувлар жараёнида маҳалладаги вазият, замон талабларидан келиб чиқиб, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш чоралари бўйича маслаҳатлашиб иш кўриши туфайли, ҳудуддаги корхона ва ташкилотларда тунги навбатчиликлар ташкил этилиб келинмоқда.
Кўрилган чора-тадбирлар туфайли юқорида айтганимиздек, маҳалла ҳудудида осойишталик, уюшмаган ёшлар ва ўсмир ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган турли кўнгилочар тадбирлар аҳоли маънавиятини юксалтириш, ўсиб келаётган ёш авлодни спортга, санъат ва касб-ҳунар ўрганишга, тадбиркорлик билан шуғулланишга жалб этиш имконини бермоқда.
– Халқ тинчлиги ва осойишталиги – бизнинг ютуғимиз, – дейди Фурқат Ўрозбоев.
Биз эса унинг халқ осойишталиги йўлидаги фаолиятида мустаҳкам ирода тилаймиз ва касб байрами билан табриклаймиз.
Робия ЙЎЛДОШЕВА

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶