ТУМАН ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР БЎЛИМИНИНГ КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРЛИК ЮЗАСИДАН ЎҚУВ МАШҚИ МАШҒУЛОТЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ
Куз-қиш мавсуми олдидан турли фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш, мавсумни беталофат ўтказишга доир чора-тадбирлар кўрилади. Бу йил ҳам қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг «Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлаш тўғрисида»ги қарори, шунга кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ҳамда туман ҳокимининг тегишли қарорлари қабул қилинди. Мазкур қарорлар билан барча йўналишлар бўйича иситиш мавсуми барқарор ўтишини таъминлашга доир аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шу йил 14 октябрь куни ушбу қарорлар ижросини таъминлаш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, беталофат ўтказишга жалб этиладиган куч ва воситаларнинг тайёргарлик ҳолатини текшириш мақсадида Амударё тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан ўқув машқи машғулотлари ўтказилди.
Машғулотлар давомида тегишли техника ва бошқа куч-воситаларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракатланишга тайёрлиги синаб кўрилди. Шунингдек, аҳолига электр энергияси, иссиқлик таъминоти кабилардан фойдаланиш жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини таъминлашга доир тушунчалар беришга алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумки, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ўтказиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ томонидан ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида ўрганиш ишлари ўтказилиб, аҳоли хонадонларидаги иситиш қозонлари ва дудбуронлардаги носозликлар бартараф этилиб борилмоқда. Ушбу жараёнларда тумандаги мавжуд 55 та кўп квартирали уй-жойлардаги 712 та хонадондан шу кунга қадар 39 та кўп квартирали уйларнинг 513 та хонадонидаги ёнғин хавфсизлиги ҳолати текширилди.
Текширишлар давомида 350 та хонадоннинг иситиш қозонидаги дудбуронлар тозаланди, 4 та кўп квартирали уйлардаги 28 та хонадоннинг дудбуронлари изоляцияланди. Шунингдек, 2 та кўп квартирали уйлардаги 16 та квартиранинг шамоллатиш каналлари тозаланиб, 21 та кўп қаватли уйларнинг том қисми текширилди.
Ундан ташқари, 36 минг 13 та аҳоли уйларидан 5307 тасида ёнғин хавфсизлиги ҳолати текширилиб, 458 таси хонадоннинг иситиш қозонидаги дудбуронлар тозаланди. Шу билан бирга тумандаги 234 та ижтимоий соҳа объектларидан 120 таси тўлиғи билан текширилиб, ис гази ва ёнғиндан зарарланишнинг олдини олишга доир тушунчалар берилди.
Статистика маълумотларга кўра, республикада сўнгги уч йил ичида кузги-қишки иситиш мавсумида содир булаётган фавқулодда вазиятларнинг аксарияти ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ бўлган.
Маълум бўлишича, ис газидан заҳарланиш ва ёнғин ҳолатларининг аксарияти фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи, яъни кўмир, ўтин каби ёнувчи ашёлардан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, ностандарт, яъни қўлбола ясалган ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш, иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш кабилардан келиб чиққан.
Шунингдек, газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печларини дам олиш хоналарига олиб кириш, ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов, кўмир ва ўтин чўғларидан фойдаланиш, ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб, тўсиб қўйиш каби ҳолатлар ҳам ёнғинларга сабаб бўлган.
Ўқув машқи машғулотлари давомида фуқароларга ис газидан заҳарланиш ҳолати – иситиш учун фойдаланадиган ёқилғининг чала ёниши натижасида келиб чиқиши, бундай ҳолатларнинг келиб чиқишига йўл қўймаслик учун ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишлари кераклиги кенг тушунтирилди. Шунингдек, бундай фавқулодда ҳодиса юз берганида 101,10 50 – ёнғин қутқарув, 102 – ИИБ, 103 – тиббий ёрдам, 104 – газ авария диспетчерлик хизматларига хабар бериш кераклиги маълум қилинди.
Машғулотлар якунида фавқулодда вазиятларда ҳаракатланувчи куч ва воситалар 2022-23 йилги куз-қиш мавсумини беталофат ўтказишга, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга ва содир бўлганда оқибатларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалда бажаришга тайёр деб баҳоланди.
Ҳ.Матякубов, туман ФВБ бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶