НУРОНИЙЛАР УЧУН "ЭҲТИРОМ, ЭЪЗОЗ, ЭЪТИБОР" ДЕБ НОМЛАНГАН КОНЦЕРТ ДАСТУРИ НАМОЙИШ ЭТИЛДИ
"Кексалар ҳафталиги" доирасида нуронийларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда Маданият бўлими ҳамкорлигида "Эҳтиром, эъзоз, эътибор" деб номланган маънавий-маърифий мусиқали кеча ташкил этилди.
13 октябрь куни Амударё тумани Маданият бўлимининг концертлар залида бўлиб ўтган тадбирга 200 дан зиёд фахрийлар ва нуронийлар ташриф буюрдилар.
Тадбир бошланишида туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими масъуллари ҳафталик доирасида ўтказилган тадбирлар ҳақида маълумот берди ҳамда юртимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эъзоз ва эътибор, ғамхўрликларни тилга олиб ўтди.
Шундан сўнг, туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган катта мусиқий дастур бошланди. Дастур давомида туман санъаткорлари, Маданият марказлари тўгаракларининг ёш ҳаваскорлари мумтоз куй ва қўшиқлар, хоразмча ва эстрада йўналишидаги шўхчан наволар, дилрабо ва жозибали рақсларни ижро қилиб, тадбирга ташриф буюрган отахон ва онахонлар эътиборига ҳавола этишди. Кексаларга, айниқса, “Учқун” ашула ва рақс ансамбли, “Офарин” фольклор жамоаси ижросидаги куй ва қўшиқлар жуда манзур бўлди.
Инсонийлик, меҳр-мурувват, бағрикенглик каби ижобий хислатлар шу юрт, миллат фарзанди бўлган ҳар бир инсонга хос, десак асло муболаға эмас. Шу билан бирга ёши улуғ инсонларга, кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг кўп йиллик ҳаётий ва меҳнат тажрибалари асосидаги қимматли маслаҳатларидан баҳраманд бўлиш ва дуоларини олиш ҳам халқимизнинг улуғ қадриятларидан бири саналади. Айтиш жоизки, ана шу олижаноб қадрият, фазилат бугун давлатимиз сиёсатида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Кейинги йилларда нуронийларнинг нафақа ва пенсияларини ўз вақтида, улар истаган шаклда етказиб бериш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатлигига эътиборни кучайтириш борасидаги амалий ишлар мамлакатимиздаги барча ёши улуғ инсонлар оғирини енгил қилди.
Юртимиз бўйлаб 3-9 октябрь кунлари давомида “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида бўлиб ўтган “Кексалар ҳафталиги” тадбирларида ҳам ёши улуғ инсонларга ҳурмат, эътибор кўрсатилди.
Кўтаринки руҳда ўтказилган ҳафталик доирасида туманимизда ҳам кексалар ҳолидан хабар олинди, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, турли совғалар берилди. Нуронийлар тарихий ва зиёратгоҳ масканларга саёҳатларга, спорт ва соғломлаштириш машғулотларига жалб этилди. Бепул тиббий кўриклар ташкил этилиб, саломатликлари текширувдан ўтказилди.
“Кексалар ҳафталиги” тадбирларининг якуни сифатида ўтказилган мусиқий кечада нуронийлар мириқиб ҳордиқ чиқардилар. Эътибор ва ғамхўрликлардан кўнгли тоғдек кўтарилган нуронийлар бу каби эҳтиром, эъзоз учун барча ташкилотчиларга, масъулларга миннатдорчилик билдирдилар.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶