Совет қўшинларининг Афғонистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилганига 20 йил тўлгани муносабати билан 5 нафар уруш қатнашчиси юбилей медали билан тақдирланди
Юртимизда мустақиллик байрами шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Амударё туманининг Олмазор маҳалласи ҳудудидаги Хотира майдонида Белоруссиядан ташриф буюрган генерал-майор Бекниязов Алик Латитович Афғонистон уруши қатнашчилари билан учрашди.
Учрашувда Афғон уруши қатнашчилари ёшлик даврларини эслаб, ўша даврдаги қийинчиликлар, ҳалок бўлган мард ва жасур йигитлар фронт орти қаҳрамонлари ҳақида хотирлашди. Бундай инсонларнинг ёди ҳеч қачон диллардан ўчмаслигини таъкидалашди.
Туманимизда бунёд этилган “Хотира майдони”да Афғон уруши қатнашчиларининг руҳлари кезиб юргандек бўлади. Ушбу муқаддас майдондаги “Хотира китоби”га Иккинчи жаҳон уруши, Афғон урушида қатнашган ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини ҳимоялашда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг исмлари зарҳал ҳарфлар билан битилган.
Дарҳақиқат тинчлик йўлида жонини фидо қилган ўғлонларни ёдда сақлаш, ҳаёт кечираётганларини эъзозлаш инсонийлик бурчидир.
Хотира учрашувида ана шундай уруш қатнашчиларидан 5 нафари − “Ветеран” уюшмаси Амударё тумани бўлими бошлиғи Баҳодир Жуманиязов, уюшма аъзолари Римбой Ҳалиллаев, Бозорбой Шомуратов, Озод Жуманиязов, Шавкат Саидбаевлар “Афғонистондан совет қўшинлари олиб чиқилганига 20 йил” юбилей медали билан тақдирланди.
Маълумотларга кўра, 1979-1989 йиллар оралиғида бўлиб ўтган Афғон урушида энг кўп жабр чеккан ҳудудлар Марказий Осиё республикалари бўлди.
Энг кўп аскар шу ҳудуддаги иттифоқдош республикалардан олинди. Жумладан, Ўзбекистондан 64 500 нафар йигит Афғон урушида иштирок этган ва улардан 1522 нафари ҳалок бўлган. 2500 нафардан ошиқроқ ўзбекистонлик ногирон бўлган.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасидан 3580 нафар ҳарбийлар иштирок этишган бўлса, шундан 89 нафарига ватанимизга қайтиб келиш насиб этмаган.
Ватанимиз мустақилликни қўлга киритгандан сўнг, жангчи-фахрийлар, уруш ногиронлари ва ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш бўйича давлат дастурлари изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда.
Учрашув давомида жасорат эгаларининг бугунги дориломон кунларга етиб келиш осон бўлмагани, мустақиллик, ҳуррият, тинчлик энг олий неъматлардан бири эканлиги ҳамда уни асраб-авайлаш, қадрига етиш лозимлиги ҳақида айтган пурмаъно сўзлари ҳеч қачон ўз аҳамиятини ва долзарблигини йўқотмайди.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶