АМУДАРЁ ТУМАНИДА “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН — МАЪРИФАТЛИ ЖАМИЯТ” ШИОРИ ОСТИДА “МАЪНАВИЯТ ФЕСТИВАЛИ” БОШЛАНДИ
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият!” шиори остида жорий йилги “Маънавият фестивали” бошлаб юборилди. Фестиваль доирасида 14 та ҳудудда 18 та ижтимоий лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Қолаверса, илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ва бадиий ижод каби соҳа вакилларидан иборат 500 нафар “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари жалб этилиб, энг чекка ҳудудлардаги аҳолини ҳам қамраб олиш режалаштирилган.
15 август куни Амударё туманида ҳам “Маънавият фестивали” тадбирлари бошлаб юборилди. Дарёбўйи маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 21-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида фестиваль муносабати билан ташриф буюрган Республикамизнинг бир гуруҳ таниқли маданият ва санъат ходимлари ҳудуд аҳолиси билан давра суҳбати ўтказишди.
Тадбирда дастлаб мустақиллик шарофати билан юртимизда амалга оширилган ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик ишлари, яратилган имкониятлар ва бошқалар хусусида сўз юритилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги тегишли фармони билан “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”ни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури қабул қилинди. Унга кўра, маънавий-маърифий соҳада тайёрланаётган материалларни аҳолига замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда тезкор ва сифатли етказишни таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ишларининг сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда “Маънавият фестивали”ни юқори савияда ўтказиш белгиланди. Шу кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият" шиори остида “Маънавият фестивали” тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Туманимизга фестиваль муносабати билан ташриф буюрган таниқли санъат ва маданият арбоблари – Зулфия Мўминова, Мадина Тўхтаева ва бошқалар Дарёбўйи маҳалласи ва Уйшин овулларида бўлиб ўтган тадбирларда иштирок этиб, ҳудудлардаги ёшу-қари билан дилдан суҳбат қилдилар. Шунингдек, тадбир давомида сўнгги йилларда миллий маънавиятимизни ривожлантириш, Ўзбекистонда янги маънавий маконни яратиш масаласи доимий эътиборда эканини таъкидлаб ўтдилар.
Сўзга чиққанлар ўтган 2021 йил давомида ҳам “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида Қорақалпоғистон Республикасида, жумладан Амударё туманида “Маънавият фестивали” юқори савияда ўтказилганини, фестиваль доирасида “Мақом кечаси” номли концерт дастурида 10 мингдан ортиқ аҳоли қамраб олингани ва шу каби бошқа тадбирлар ҳам ўтказилиб, барчага кўтаринкилик, байрамона руҳ берилганини алоҳида таъкидладилар.
Элимизда таниқли бўлган шоир ва санъаткорлар, хонандалар “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” ғояси остидаги маънавият фестивали тадбирларда ўз ижодларидан намуналар, шеърлар, қўшиқлар ижро этиб, барчага хуш кайфият бахш этдилар.
Шу куни фестивал доирасида Манғит шаҳрининг Бойовул маҳалласи ҳудудида жойлашган туман Маданият бўлими биносида “101-рейс” фильми намойиш этилди. Намойишдан олдин мазкур фильмнинг суратга олиш жараёни, ижодий жамоа ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, марҳум Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳошим Арслоновнинг ёрқин хотираси ёдга олинди.
Ушбу фильм 4,5 йил давомида ишланган бўлиб, унда реал воқеалар кўрсатиб берилган. Картина 2001 йил 11 сентябрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида уюштирилган теракт оқибатида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясига тегишли Boeing-757 самолётининг 101-рейс экипажи кўрсатган қаҳрамонлик ҳақида ҳикоя қилади. Экипаж аъзоларининг жасорати моҳирона очиб берилган мазкур фильм барчага манзур бўлди.
“Манавият фестивали” тадбирлари туманимизнинг турли ҳудудларида давом эттирилмоқда.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶