ЯХШИ ЗАМИННИНГ ЯХШИ МАМЛАКАТИДА ЯШАЯПМИЗ
Яхши замонда, яхши заминда, яхши заминнинг яхши мамлакатида яшаяпмиз. Ҳамма нарса бор, кам-кўст йўқ. Энди ота-боболардан қолган олтин иборага келадиган бўлсак, бир кун оғзибирлик бузилса, қирқ кун барака қочади. Шу ҳикматга кимки эътиборсиз, албатта зиёндадир.
Биз қадимдан борчилик-йўқчиликда, яхши-ёмон кунларда ҳам бир-биримизга зарда қилмай, аксинча қўл ушлашиб ҳаёт кечирганмиз.
Навоий, Фузулий, Бердақ, Ажиниёз каби ардоқли шоирларимиз бор. Қай бирини ким бизга бегона, деб кўрсата олади? Агар шундай бирон кимса чиққан бўлса, у комил эмас, васвасага чалинган кимса! Бу дониш-даҳолар ҳаммамизники, туркий тиллашган халқларники. Шеърлари ёдимизда, қўшиқлари санъаткорларимиз оғзидан тушмайди. 140 га яқин миллат дўст, аҳил-иноқ.
Мен яшаётган Қизилчоли маҳалласи ҳудудида ҳам ҳар хил миллатга мансуб кишилар маҳалла аҳиллигини таъминлаб келмоқдалар. Аҳоли сони 4252 нафар, шундан 4121 нафари ўзбек, 85 нафари қозоқ, 38 нафари қорақалпоқ, 6 нафари туркман, татар ва бошқа миллат вакиллари. Улар бир-бирлари билан қуда-қудағай, қалин қатнашиқда – яқин муносабатлари яққол кўриниб туради.
Маҳалламизда тўй-маърака, ҳайит ва байрамлар жуда гаштли таассуротларга бой бўлади. Қўни-қўшнилар тотли таомини ҳам, қувонч-у қайғусини ҳам бири-бири билан бирга баҳам кўришади.
Бу кунларни ота-боболаримиз кўрган эмас, орзу қилишган, холос. Шукрона келтириб яшаш керак. Ҳали олдинда қиладиган ишлар бор. Янги Ўзбекистонимизни яшнатиш йўлида аҳиллик, ҳамжиҳатлик, катта-ю кичикнинг ишлари бардавом бўлиши учун халқимизга тинчлик, тотувлик зарур.
Бу йўлда келажагимиз бўлган ёшларга ҳар биримиз кўз-қулоқ, эътиборли бўлмоғимиз шарт. Токи, кўнгилларни қақшатган Қорақалпоғистон воқеалари қайта содир бўлмасин.
Жумабой Ҳидоятов,
“Жайхун илҳомлари” ННТ аъзоси. Қизилчоли маҳалласи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶