ТУМАН ИЧКИ ИШЛАР ШАХСИЙ ТАРКИБИ ТЕСТ СИНОВЛАРИДАН ЎТКАЗИЛДИ
2. Кейинги йилларда Ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимдаги кадрларнинг эгаллаб турган лавозимларида самарали хизмат қилишини таъминлашга қаратилганлиги билан жуда аҳамиятлидир.
Айтиш жоизки, ички ишлар органлари ходимлари зиммасига аҳолининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва жамоат тартибини сақлаш каби масъулиятли вазифалар юкланган.
Кейингги йилларда ички ишлар органлари жазоловчи, назорат қилувчи органдан халқ, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қиладиган тузилмага айланди. Натижада жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда самарали иш олиб борилмоқда.
Амударё тумани Ички ишлар бўлими ҳам бугунги замон талабларига ҳамоҳанг фаолият юритишга интилмоқда, хизмат самарадорлигини ошириш мақсадида кадрлар билан ишлаш, уларни қайта тайёрлаш, малакасини ва жисмоний, психологик тайёргарлигини ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ички ишлар бўлими ходимларидан жисмонан кучли, иродали, билимли бўлишдан ташқари, ҳар қандай вазиятда ўзини қўлга ола билиш, тўғри йўл танлай олиш қобилияти ҳам талаб этилади. Бўлим ходимларининг бундай тайёргарлиги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг махсус буйруғига асосан хизмат, жисмоний, жанговор тайёргарлик ва психологик тест синовларидан ўтказиш орқали аниқлаб борилади.
30 июль куни Амударё туманидаги 2-сонли Болалар-ўсмирлар спорт мактабига қарашли стадионда туман Ички ишлар бўлими шахсий таркиби аъзолари хизмат, жанговор, жисмоний тайёргарлигини, билимини синовдан ўтказувчи тест синовлари топширишди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу тадбирни ўтказишга алоҳида тайёргарлик кўрилди, ходимларнинг ҳар жиҳатдан етуклигини баҳолаш учун масъулиятли шахслар бириктирилди ва натижалар ҳаққоний баҳолаб борилди.
Тадбирда бўлим шахсий таркиб аъзолари тўсинга тортилиш, 100 метр масофага югуриш, 1000 метр масофага югуриш бўйича жисмоний тайёргарлигини намойиш этдилар. Шунингдек, тест синовлари орқали психологик тайёргарлиги, билими ҳам аниқланди.
Айтиш жоизки, “Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ ходимларнинг хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини, маънавий-ахлоқий даражасини ошириш учун ички ишлар органларида тизимли равишда хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлик машғулотлари ташкил этилади. Ходим махсус тайёргарликдан, шунингдек жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўллаш билан боғлиқ шароитларда ҳаракатланишига касбий яроқлилиги бўйича ҳар йилги текширувдан ўтиши шарт. Махсус тайёргарликдан ўтган ходимга тегишли сертификат берилади.
Ўтказилган жисмоний, жанговор тайёргарлик ва психологик тест синовларини Амударё тумани Ички ишлар бўлими шахсий таркиби аъзолари муваффақиятли топширишиб, ўз хизмат лавозимига муносиб эканликларини намойиш этдилар.
Яна шуни таъкидлаш жоизки, юқоридаги Низомга мувофиқ ходимлар хайрихоҳ, хушмуомала ва эътиборли бўлиши, фуқаролар ва ҳамкасбларига сабр-тоқат ва ҳурмат билан муносабатда бўлиши зарур. Ходимлар фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, асоссиз руҳий ва жисмоний таъсир ўтказиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.
Бу эса ички ишлар органлари тизимининг чинакам халқчил профессионал тузилмага айланаётганидан далолат беради.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶