ПРОБАЦИЯ ҲИСОБИДАГИ 11 НАФАР МАҲКУМ МУДДАТИДАН ИЛГАРИ ЖАЗОДАН ОЗОД ЭТИЛДИ
Навоий номли маҳаллада туман Ички ишлар органлари Пробация гуруҳи ҳисобида турган маҳкумларни муддатидан илгари жазодан озод қилишга доир иш Жиноят ишлари бўйича Тахиатош туман суди томонидан сайёр тартибда кўриб чиқилди.
Шу йил 23 июнь куни фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтган мазкур суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича Тахиатош туман суди масъуллари, Амударё туман прокурори ёрдамчиси Санжар Холмурадов, туман Ички ишлар органлари Пробация гуруҳи катта инспектори Руслан Искандаровлар қатнашишди.
Сайёр судда масъуллар сўнгги йилларда мамлакатимизда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида маҳкумларни ахлоқан тузатиш ва ижтимоий мослаштириш ишларининг самарадорлигини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани хусусида сўз юритдилар. Шунингдек, туманда ҳам ички ишлар органлари Пробация гуруҳи назорати остидаги озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ўқишга ва ишга жойлаштириш, назорат остидагиларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, энг асосийси, шахсни тарбиялаш кабилар борасида самарали чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Шундан сўнг, Амударё тумани ички ишлар органлари Пробация гуруҳи томонидан 11 нафар маҳкумга нисбатан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.
Суд давомида Пробация ҳисобида турган маҳкумлардан бирининг илгари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддасида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбланиб, 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани, жазонинг ўталмаган 3 йил 5 ойдан зиёд муддати 20 фоиз ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилгани, қурилиш ташкилотларидан бирида ишчи бўлиб ишлаётгани, шу кунга қадар жазони ўташ тартиб ва қоидаларига тўлиқ амал қилиб келаётгани маълум қилинди. Худди шу модданинг 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилгани учун 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига тортилган 3 нафар маҳкумнинг ҳам тегишли тартиб-қоидаларга риоя қилиб келаётгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, маҳкумлардан яна 2 нафари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси билан жазога тортилгани, 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил муддатга 20 фоиз ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судлангани, оилавий корхоналардан бирида автомобиль ювувчи, ишчи бўлиб ишлаб келаётгани айтилди.
Ундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 118-моддаси 2-қисмига кўра жазога тортилган 2 нафар, 168-моддаси 2-қисмига кўра 1 нафар маҳкум, 131-моддаси 2-қисмига кўра жазосини ўтаётган 1 нафар маҳкумаларнинг ҳам ҳозирда ўзининг хулқ-атвори, ҳатти-ҳаракатлари билан тўлиқ тузалиш йўлига ўтганлиги, тўғри ҳаёт тарзига амал қилиб, соғлом муҳитда яшаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Суд иши давомида томонларнинг фикрлари тингланиб, иш материаллари билан таққосланиб кўрилди. Иш якунида ушбу маҳкумлар жазони ўташ тартиб-қоидаларига амал қилиб, суд томонидан зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаргани ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлгани учун ўталмаган жазо муддатидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Уларга доим тўғри яшашга одатланиш лозимлиги, жамоат жойларида ахлоқ-одоб қоидаларига амал қилиши, жиноят йўлига энди кирмаслик кераклиги, тушунтирилди.
Шунингдек, қилмишига яраша суд ҳукмига кўра берилган жазони ўташдан бўйин товлаб келганлиги учун 1 нафар маҳкумга нисбатан белгиланган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси оғирроқ турдаги, яъни озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.
А.Кощанов, Жиноят ишлари бўйича Тахиатош туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶