МАТБУОТ – МЕНИ СЕҲРЛАГАН ОЛАМ
Болалигимдан ўқитувчиликдан бошқа яна бир касб, яна бир олам мени ўзига мафтун этиб келган. Юрагимда туғилган ҳисларни қоғозга тўкарканман, ҳамиша кўнглим шу оламга мафтун бўлаверарди.
Хаёлимда қаерларга бормасдим. Тележурналист бўлиб саёҳатлар қилардим, дунё бўйлаб. Одамларга яхши хабарлар етказиш, янгиликлар билан таништириш жон-у дилим эди. Бригадамиздаги далада очилган биринчи ғўза гули ҳақидаги мақолам ҳамқишлоқларим учун катта совға бўлганди. Ҳамманинг қувонганини кўриб, эътиборда эканлигимдан жуда-жуда хурсанд бўлганман. Йиллар ўтиб, ўқитувчилик соҳасида фаолият юритсам-да, мен учун туманда битта қадрдон бино, болалигимдан мени ром этган соҳа, жонкуяр ва қалби беғубор инсонларни жамлаган азиз маскан бор.
Бу – "Тараққиёт кўзгуси" газетаси таҳририяти биноси. Бу бинога ҳар гал кириб борганимда у ердагилар мени қандай кутиб олар экан, деган андишага бормаганман. Сабаби бу масканда мени ҳамиша кулиб турган чеҳралар, илиқ муносабат, соғинчли дийдор қарши олган. Муҳит дўстона, муносабатлар самимий, ёрдам беғараз, фикрлар холис. Излаган, истаган нарсамни топадиган ошёним.
27 июнь – Матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан таҳририят ходимларини чин қалбимдан табриклайман. Ойгул Ражабова, Робия Йўлдошева, Ғуломжон Ешниёзов, Саъдулла Хўжаниёзов, Олламберган Жуманиёзов, Муяссархон, Маҳмуджон, Равшанбеклар менинг яқин инсонларимга айланган. Машаққатли касбларининг гувоҳи бўла туриб ҳам барибир бу соҳани жуда қадрлайман. Ёшлигимдан ижод қилишимда қўл-қанот бўлган инсонларим олдида бир умр таъзимдаман. Ойгул Ражабова ва Робия Йўлдошеваларнинг меҳр тўла нигоҳлари, куюнчаклик билан айтган ўгитлари ҳар доим қулоғимда.
Гарчанд ёши мендан кичик бўлса ҳам салобатли ва вазмин Ғуломжоннинг иш фаолиятига, кўрсатган эҳтиромига тасанно дейман.
Азиз инсонларим! Матбуот ходимлари! Касбингиздан камол топиб, эл хизматидан чарчаманг. Байрамингиз муборак бўлсин!
Гулойим БЕГЖАНОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶