Имконияти чекланган болалар учун кўнгилочар тадбир ташкил этилди
Дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори юртимизда ҳам 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан турли тадбирлар ташкил этилади ва байрам сифатида нишонланади. Барча яхши нарсалар болаларга бағишланиб, турли қувноқ ва маданий-оммавий, кўнгилочар концертлар, спорт мусобақалари ўтказилади. Ушбу кун муносабати билан имконияти чекланган, ногирон болалар учун хайрия акциялари ҳам бўлиб ўтади.
Амударё туманининг Ўртақалъа овулидаги “Арена” савдо мажмуасида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб имконияти чекланган болаларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлаш ва уларга байрамона кайфият бағишлаш мақсадида “Ранг-баранг бўёқлар” деб номланган ва кўнгилочар тадбир ташкил этилди.
Туман ҳокимлиги, Халқ таълими бўлими ва тадбиркор Дилдора Ҳайитбоева ҳомийлик қилган ушбу тадбирда Қорақалпоғистон Ногиронлар жамияти раиси Парчагул Даулетярова, Жамиятнинг туман бўлими, туман ҳокимлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар агентлиги масъуллари ва бошқалар қатнашишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги, айниқса, жисмоний чекланган шахслар давлатимиз томонидан ҳар тарафлама қўллаб-қувватланаётганини тилга олишди. Шунингдек, имконияти чекланган, кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳолидан хабар олиниб, уларга хайрия ёрдамлари кўрсатилаётгани, ногиронлиги бўлган ёки беморлиги сабаб байрам тадбирларида иштирок эта олмайдиган мурғак қалб эгаларига байрам совғалари туҳфа этилаётгани, бундай эътибор ва ғамхўрлик болаларга бир олам қувонч ва шодлик бағишлашини таъкидлаб ўтишди.
Шундан сўнг жисмоний имкониятлари чекланган болалар “Ранг-баранг бўёқлар” деб номланган расм чизиш тадбирида иштирок этиб, ўзларининг расм чизиш йўналишидаги истеъдодларини намойиш этишди. Тадбирда иштирок этган ота-оналар фарзандлари учун кўрсатилган бундай эътибордан кўнгиллари кўтарилганлигини, ногиронлиги бор болалар соғлом болалар билан тенгма-тенг ижод қила олишларини ва бу тадбирни ташкил этган ташкилотчиларнинг меҳнатларини алоҳида эътироф этдилар.
Тадбир давомида туман Тиббиёт бирлашмаси шифокори Моҳимжон Абдураҳмонова, ҳамшира Барно Матмуродовалар биргаликда тиббий кўрик ташкил этиб, болаларнинг саломатлигини текширувдан ўтказишди. Болажонларнинг ота-оналарига уларни тўғри парваришлаш, соғлом турмуш тарзига риоя қилишга одатлантириш бўйича тиббий маслаҳатлар, тавсиялар беришди.
Тадбир иштирокчиларга кўтаринки кайфият, қувноқлик бахш этиш мақсадида тумандаги 4-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари иштирокида мусиқий дастур намойиш этилди. Жажжи кичкинтойлар ижросидаги шўх қўшиқ ва чиройли рақслар, Ватан, она ва тинчлик ҳақидаги шеърлар барчага ниҳоятда манзур бўлди.
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан имконияти чекланган болаларга чексиз қувонч улашиш, уларга кўтаринки кайфият бахш этиш, маданий ва маънавий дунёқарашларини кенгайтириш мақсадида ташкил этилган ушбу “Ранг-баранг бўёқлар” тадбири юқори савияда ўтказилди ва болажонларга байрам шукуҳи ҳадя этилди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶