МЕДИАЦИЯ – НИЗОЛАРНИ СУДГАЧА ҲАЛ ҚИЛИШНИНГ МУҚОБИЛ ЙЎЛИ
Мамлакатимизда бозор иқтисодиётига асосланган муносабатлар жадал ривожланиб борар экан, субъектлар ўртасида турли низолар вужудга келиши муқаррар.
Ҳозирги кунда ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация – яраштирув жараёни алоҳида аҳамият касб этмоқда. Юртимизда ҳам чинакам бозор механизмларининг амалга оширилиши соҳани тартибга солувчи зарур ҳуқуқий замин яратилишини талаб қилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда медиацияга ўхшаш яраштирув процедуралари турли низоларни ҳал этишда қўлланиб келинади. Жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан низолашаётган тарафларни, хусусан, қўшнилар ўртасидаги низоларни, оилавий низоларни яраштириш фаолиятини ҳам медиациянинг бир шакли сифатида кўриш мумкин.
“Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятли. 2019 йил 1 январдан кучга кирган бу Қонун ҳақида фикр юритганда, авваламбор, “медиация” сўзининг луғавий маъносига тўхталиш лозим. Воситачилик маъносини англатувчи бу атама лотинча “mediare” сўзидан олинган бўлиб, жаҳоннинг кўплаб давлатларида низоларни тинч йўл билан ҳал этишнинг энг мақбул усули сифатида тан олинган.
Мамлакатимизда "Медиация тўғрисида"ги Қонуннинг қабул қилинишидан тадбиркорлик билан боғлиқ муносабатларни ривожлантириш, соҳада умумэътироф этилган ҳалқаро стандартлар даражасига чиқиш назарда тутилган.
Қонунда унинг амал қилиш соҳаси ҳам аниқ белгилаб қўйилди. Унга кўра, Қонун фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар, жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган, шунингдек, якка меҳнат низолари ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан амал қилиши белгиланди.
Ж. Бекимбетов, туман
Адлия бўлими бош мутахассиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶