БЎЛFУСИ АРХИТЕКТОР
Мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътиборни кўриб, биз ёшларнинг ижодга, илм олишга бўлган иштиёқимиз тобора ортмоқда. Айниқса, мана шундай иқтидорли ёшларни излаб топиш ҳамда уларнинг маълум соҳага бўлган қизиқишини ошириш, истеъдодини камол топтириш мақсадида кўплаб кўрик-танловлар ўтказиб келинмоқда. Мана шундай кўрик-танловлардан бири – "Камолот” ЁИҲ томонидан ўтказилаётган "Юрт келажаги иқтидорли ёшлар қўлида” кўрик-танловидир. Бу танловда 14 ёшдан 25 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўзлари қизиққан йўналиш ва номинациялар бўйича истеъдодларини намойиш қиладилар.
Худди мана шу танловнинг туман босқичида фахрли ўринларни эгаллаган 18 нафар амударёлик ёшлар республика босқичига йўл олдилар. Танловнинг республика босқичида қатнашган иштирокчиларнинг бир қанчаси "Энг фаол қатнашган иштирокчи” деб топилиб, дипломбилан тақдирландилар. 3 нафар иштирокчи эса танловнинг Ўзбекистон республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритдилар. Мана шундай бахтга мушаррафбўлган иштирокчиларнинг бири ҳозирги кунда Манғит Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг 9-12 гуруҳида таҳсилолаётган Ихлос Ешниёзовдир.
У шу танловнинг "Архитектура ва интерьер дизайни” йўналишида ўзининг ясаган икки қаватли уй макети билан иштирок этди.
Ушбу макетга ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳо берилди ва Ихлосни фахрли иккинчи ўринга лойиқ, деб топишди. Танлов ғолиблари эълон қилинаётган пайтда "Амударё туманидан” дея таъриф берилиб унинг исм, фамилияси айтилганида кўзларидан ёш чиқиб кетди. Албатта бу қувонч ёшлари эди. Ихлос мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ кўплаб танловлар ғолиби эди. Унинг мусиқага, чизмачиликка бўлган меҳри бўлакча. У скрипкада куй чалганида беихтиёр тўлқинланиб кетардик. Ихлоснинг мусиқага бўлган ихлосини кўриб, назаримда синфдошим машҳур скрипкачи бўлади, деб ўйлардим, аммо унинг архитектурага бўлган иштиёқи бўлакча. Коллежни тамомлаб, архитектура бўйича ўз изланишларини давом эттирмоқчи.
Бир ёзувчи "Нўноқ ҳайкалтарош тирик одамни шоҳсупага чиқариб қўйса ҳам ўликка ўхшайди, ҳақиқий ҳайкалтарошнинг ўлик тошдан ясаган ҳайкали ҳам тирикка ўхшайди. Талант дегани шу!” деб ёзган эди. Ҳақиқатан ҳам Ихлосни ҳақиқий истеъдод эгаси дейиш мумкин. Сабаби унинг чалган мусиқаларида, ясаган макетларида ўзгача маъно бор.
Жамиятимизда мана шундай тиниб-тинчимас ижодкор ёшлар кўп, улар вақтни, ҳаётни қадрлашади. Агар тенгдошларим вақтини бўлмағур нарсаларга сарфлаб, ёшлигини бекорчиликда ўтказаётган бўлишса, уларга тилагим шундай: изланинг, азиз ёшлар! Инсон келажагини ўз қўли билан яратади. Шундай экан, ҳунар эгаллашга ошиқинг, илм олишга интилинг!
Азиза МАДРАҲИМОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶