Амударё туманида фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда
2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб номланганлиги бежиз эмас. Сабаби, маҳалла жамият жипслашувида муҳим бўғин ҳисобланади.
Маълумки, жорий йилнинг 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддаси ҳамда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунларнинг тегишли моддаларига мувофиқ фуқаролар йиғинлари раисларининг навбатдаги сайловини шу йилнинг май ойида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Маълумот учун айтиб ўтиш керакки, ушбу сайловда мамлакатимиз бўйлаб 9 минг 349 нафар фуқаролар йигини раиси сайланади. Амударё туманидаги 49 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам сайлов жараёнларига пухта тайёргарлик кўриш, сайлов жараёнларини намунали тарзда ташкил қилиш ишлари бошлаб юборилди.
5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров, комиссия масъул котиби Абдураҳмон Бобоев ҳамда комиссия аъзоси, сенатор Ботир Матмуратов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси Атабек Давлетовлар Амударё туманида бўлди.
Масъуллар дастлаб туман ҳокими Султонбой Йўлдошев бошчилигида Қипчоқ овул фуқаролар йиғинида бўлиб, бу ерда сайловга тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан танишди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, 25 март куни Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан долзарб вазифалар муҳокама қилиниб, тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва туман комиссияси таркиби тасдиқланди.
Қонунда белгиланган муддатларда барча фуқаролар йиғинларида сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун фуқаролар йиғини ҳамда фуқаролар вакилларининг йиғилиши қарори билан ишчи гуруҳлар тузилди. Ушбу ишчи гуруҳлар “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонун талабларидан келиб чиқиб ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Ишчи гуруҳлар томонидан фуқаролар йиғинлари кесимида сайлов ёшига тўлганларнинг сони ва рўйхатлари тузилиб, сайлов ўтказиладиган манзил ва бинолар белгилаб олинди. Республика кўмаклашувчи комиссия раиси Толибжон Мадумаров ва бошқа масъуллар сайловга тайёргарлик ишларини юқори савияда ташкил қилиш, сайловчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, сайловни очиқ ва ошкора, шаффоф ўтказиш юзасидан аҳамиятга молик топшириқ ва тавсиялар берди.
Шу куннинг ўзида фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссиясининг аъзоси – сенатор Ботир Матмуратов ҳамда Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси аъзоси Марям Аҳмедовa бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил қилиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси аъзолари, туман ҳокимилиги масъуллари иштирок этди.
Йиғилишда бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, йиғилиш давомида бу галги сайловлар мамлакатимиз ривожланишининг бутунлай янги босқичида, жумладан, маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч омилига айлантириш борасидаги муҳим ислоҳотлар даврида ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди. Маҳаллаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш – Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Тараққиёт стратегиясининг устувор йўналиши этиб белгилангани эса ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий жараённинг аҳамиятини янада оширади.
Шу сабабли ҳам сайлов жараёнларини қонун талаблари асосида ташкил қилиш ва ўтказиш, фуқароларнинг сайловда иштирок этишга оид конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун зарур бўлган барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, сайлов жараёнига ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб этиш, сайлов иштирокчилари қонун талабларига, шу жумладан, ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи тамойилларига сўзсиз риоя этишларини таъминлаш каби энг муҳим масалалар бўйича тушунтиришлар берилди. Бу борада сайловни ташкил қилиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссиясининг фаолияти алоҳида аҳамиятга эга бўлиши қайд қилинди.
Йиғилишда шунингдек, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишда фуқаролар йиғинларига ҳар томонлама кўмаклашиш, сайловни ўтказишда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, сайлов ўтказиладиган жойларда тиббий хизмат кўрсатилишини самарали ташкил этиш, санитария-гигиена талаблари ва карантин қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш, шунингдек, сайлов жараёнини кенг ёритиш бўйича алоҳида вазифалар белгилаб олинди.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶