Ўрта қалъа овул фуқаролар йиғинининг Ёшлар етакчиси фаолиятига бир назар
Мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, интилиш ва қобилятларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш мақсадида муҳтарам Президентимиз томонидан шаҳар, қишлоқ, ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.
Амударё туманидаги 49 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида бугун 49 нафар Ёшлар етакчилари фаолият олиб боришмоқда. Уларга ўз меҳнат фаолиятини самарали ташкил этишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратилиб, зарур техник воситалар билан тўлиқ таъминланган.
Ёшлар етакчилари ўз иш фаолиятини бошлаганига кўп вақт бўлмади. Аммо, бир ойдан ошиқ вақт давомида ўз маҳалласи ҳудудидаги ёшлар билан бевосита мулоқот қилиб, мавжуд муаммо ва таклифларини тизимли равишда ўрганишмоқда.
Жумладан, Ўрта қалъа овул фуқаролар йиғини Ёшлар етакчиси Нигора Саидмуротова томонидан ёшлар балансини шакллантириш, маҳалланинг “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда “Ёшлар дафтари” ни юритиш бўйича 30 ёшгача бўлган ёшларни хатловдан ўтказиш, уларнинг ҳар бирига сўровнома тўлдириш, муаммо ва таклифларини ўрганиб, тегишли чоралар кўриш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 10 февраль куни туманимизнинг 2-сектори ҳудудида Ёшлар форуми бўлиб ўтди. Форум доирасида “Саломатлик учун беш минг қадам”, эрталабки бадантарбия машқлари ва турли спорт мусобақалари, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Ёш китобхон” танловлари ўтказилди. Бундан ташқари, тумандаги ҳарбий қисмда хизмат бурчини ўтаётган ҳарбийларнинг чиқишлари, кечки концерт дастури ва гулхан ёқиш маросимлари ҳам бўлиб ўтди. Бутун кун давомида ўтказилган тадбирлар барча ёшлар дилида ўзгача таассурот қолдирди. Форумга 1000 нафарга яқин ёшлар қамраб олинди.
Маълумот учун, Ўрта қалъа овул фуқаролар йиғинида 1017 нафар ёшлар истиқомат қилишади. Шу ўринда айтиш жоизки, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун овул ҳудудида барча шароитлар яратилган. Ҳудуддаги умумтаълим мактабларининг спорт заллари, информатика хоналари ва кутубхоналардан овул ёшлари ҳам фойдаланишлари мумкин.
Бугун ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда.
Чунки, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади. Ушбу вазифалар ижросини таъмнлаш учун маҳалладаги Ёшлар етакчилари бор куч ва ғайратини сафарбар қилмоқда.
Биз уларга масъулиятли ва шу билан бирга шарафли касбларида муваффақиятлар тилаймиз.
Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶