МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДА БОЛАЛАРГА БЕРИЛАЁТГАН ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ СИФАТИ ЎРГАНИЛДИ
Олий мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Соғлом турмуш тарзи – фаровон ҳаёт асоси” лойиҳаси режасига кўра “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти томонидан соғлом турмуш тарзи ҳақида кенг тушунчалар бериш мақсадида қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Мазкур тадбирларда саломатликни асраш, юқумли касалликлардан ҳимояланиш, тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан сақланиш кабилар тўғрисида соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда керакли маълумотлар бериб борилмоқда.
28 февраль куни “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти, Амударё телеканали, туман Санитария-эпидемиологик ва осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ходимлари ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ойбек Бегимовлар томонидан лойиҳа доирасида тадбир ташкил этилди. Ишчи гуруҳ томонидан тумандаги баъзи мактабгача таълим ташкилотларида болаларга бериладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, таомномаларининг тўғри ташкил қилингани, захира маҳсулотларининг сақланиш ҳолатлари ўрганилди.
Ўрганишлар давомида Бойовул маҳалласидаги “Шукрона” нодавлат оилавий мактабгача таълим ташкилотида 25 нафар кичкинтой тарбияланаётгани, уларга малакали тарбиячи, ҳамшира ҳамда ошпаз таълим-тарбия бериб келаётгани маълум бўлди. Ташкилотда тарбияланувчилар учун барча шароитлар яратилган. Дам олиш, машғулотлар ўтказиш, ҳамшира хоналари керакли инвентарлар билан жиҳозланган.
Шунингдек, ташкилот ошхонасидаги шароитлар ҳам ўрганилганда, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинаётгани, ошпаз витаминларга бой, ҳам кўриниши, ҳам сифати жиҳатдан белгиланган меъёрларга жавоб берадиган овқатлар тайёрлаётгани қайд қилинди. Айниқса, тушлик учун ҳафта давомида лавлаги, сабзи, ловия, помидор ва бодрингдан ранг-баранг салатлар тайёрлаб, биринчи ва иккинчи таомларни пиширишга ҳам ижодий ёндашаётгани, турли фойдали овқатлар таомномадан ўрин олганини ишчи гуруҳ аъзолари алоҳида эътироф этдилар.
Ташкилот раҳбари Меҳригул Шомуродова кичкинтойларга бериладиган таомномада витаминларга бой ҳамда тоза, яроқлилик муддати ўтмаган маҳсулотлар ишлатилишига алоҳида эътибор қаратилиб келинаётганини таъкидлади.
Лойиҳа доирасидаги ўрганиш ишлари тумандаги 8-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида давом эттирилди. Мазкур ташкилотда 100 нафар тарбияланувчига 5 та асосий, 4 та қисқа гуруҳларда 12 нафар тарбиячи таълим-тарбия бериб келмоқда. Бу ерда ҳам ошхонанинг фаолияти яқиндан ўрганилди. Ўрганиш давомида ошхонада санитария-гигиена қоидаларига амал қилинган ҳолда овқат тайёрланаётгани, маҳсулотларнинг сақланишига алоҳида эътибор қаратилиб келинаётгани аниқланди. Ошхонада таомнома бўйича мазали ва сифатли овқатлар тайёрлаш йўлга қўйилган.

Туман Санитария-эпидемиологик ососйишталик ва жамоат саломатлиги бўлимининг болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўйича санитария шифокори Нигора Эшимова ўрганишлар давомида ташкилотлар масъулларига, ошпазларга ошхонанинг жиҳозланиши, тарбияланувчиларнинг соғлом овқатланиши, таом тайёрлаш жараёнида технология, санитария-гигиена қоидалари, нормативларига риоя қилиш бўйича тушунчалар бериб ўтди. Ундан ташқари, айни кўклам кирган шу кунларда баҳорий кўкатлардан фойдаланган ҳолда витаминларга бой сабзавотли, мевали салатлар, сут ва сут маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда таомномага ранг-баранглик киритиб туришни маслаҳат берди. Шу билан бирга ошхонада карам шўрва, макарон димлама, шовла каби тез-тез такрорланувчи таомлар ўрнига манти, ош, булғор дўлмаси каби мазали таомларни тайёрлашни тавсия қилди.
Лойиҳа режасига кўра мактабгача таълим ташкилотларида ташкил этилган ушбу ўрганиш якунида масъуллар томонидан бу каби назорат тадбирларини келгусида ҳам мунтазам равишда ўтказиб боришга келишиб олинди.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶