МАКТАБ АТРОФИ ЯШИЛ МАКОНГА АЙЛАНТИРИЛМОҚДА
Мамлакатимизда табиатни асраш ва экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида дарахт экиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз ташаббуси билан дарахтзорларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, шу мақсадда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб берилган эди. Қолаверса, Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ бутун мамлакатимиз миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси қизғин давом эттирилмоқда.
Лойиҳа доирасида дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги бошқарув тизими такомиллаштирилади, илмий ёндошувлар асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятлари тадқиқ ва таҳлил қилиниб, натижасига кўра манзарали ва мевали кўчатлар ўтқазилади, экилган дарахтларни парвариш қилиш учун масъул шахслар белгиланади ва дарахтларни шикастлантирган, нобуд қилганлар учун жавобгарлик кучайтирилади.
Амударё туманида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган вазифаларни ижро этиш учун ҳаракатлар аллақачон бошланиб кетди.
Бунингдек хайрли ишга киришганлар сафида Тўлқин овули ҳудудидаги 33-сонли умумий ўрта таълим мактабининг жамоаси ҳам бор. Аввало шуни таъкидлаш керакки, ушбу муассасада 62 нафар малакали педагоглар 557 нафар ўқувчиларга илғор педагогик технологиялар асосида таълим-тарбия беришмоқда. Болалар қизиқишларига кўра Беш ташаббус доирасида ташкил этилган тўгаракларга жалб этилган, шунингдек, фанларни чуқур ўзлаштиришларига хизмат қилувчи фан тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Бу саъй-ҳаракатлар туфайли мактаб ўқувчилари турли спорт мусобақаларида нуфузли ўринларни эгаллаб келишаяпти, фанлар олимпиадасида уч нафар ўқувчи туман босқичи ғолиби бўлиб, кейинги босқичда қатнашиш имкониятини қўлга киритди.
Эътиборли жиҳати мактаб атрофи турли манзарали, мевали дарахтлар билан ўралган. Ёз бўйи ҳовлисида гуллар чаман бўлиб очилиб, атрофга файз бериб туради.
Аҳил жамоа “Яшил макон” умуммиллий акцияси доирасида ишларни ҳам аллақачон бошлаб юборишди. Акция доирасида шу йил 26 февраль куни олиб борилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари туфайли мактаб ҳудудидаги 150 туп арчаларга шакл берилди, 1500 дона терак қаламчалари ўтқазишга тайёрланди.
Шунингдек мактаб боғини кенгайтириш мақсадида 120 туп олма, нок, олча кўчатлари ўтқазилди. Амалга оширилган ишларда мактаб ўқитувчилар жамоаси ва техник ходимлари фаол иштирок этдилар. Натижада таълим муассасаси атрофи тозаланиб, ободонлаштирилди ва янада файзли масканга айланди.
Бутун туманимиз бўйлаб амалга оширилаётган бунингдек ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳудудимизда яшил дарахтлар кўпайиб, экологик мувозанат яхшиланишига асос бўлади.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶