ҲАРБИЙ ВАТАНПАРВАРЛИК – ЮРТГА МУҲАББАТ ВА БУРЧГА САДОҚАТ
Ҳар қандай давлат ўз истиқболини соғлом ва баркамол авлод тимсолида кўради. Аксарият ривожланган мамлакатларда фуқароларнинг ватанпарварлик тарбияси бўйича давлат дастурлари, ҳарбий ватанпарварлик тарбияси самарадорлигини ошириш концепциялари қабул қилиниб, ёшларнинг ватанпарварлик борасидаги тарбияси билан шуғулланувчи ва давлат томонидан молиявий кўмак берилувчи кўплаб жамоатчилик ташкилотлари ташкил этилган.
Мамлакатимизда ҳам ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда катта аҳамиятга эга бўлган мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти 1991 йил 23 ноябрь куни ташкил топган. Ташкилотнинг мақсади, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, ёшлар ва фуқароларни Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига ёрдам беришдан иборатдир.
Ташкилот томонидан ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилиб, асосан уч йўналишдаги фаолият йўлга қўйилган.
Биринчи йўналиш − аҳоли, айниқса, ёшларни Ватанга садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик, миллий маънавиятимизга ҳурмат руҳида тарбиялашдир. Бу йўналишда ташкилот нафақат Қуролли Кучлар таркибидаги вазирлик ва идоралар, балки, Республикамизнинг барча тегишли муассасалари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади. “Ватанпарвар” ташкилотининг иккинчи йўналиши − аҳоли, айниқса, ёшларни ташкилот тизимидаги техник ва амалий турларига жалб этиш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳисобланади.
Ташкилотнинг учинчи йўналиши эса фуқароларни оммавий техник касбларга тайёрлашдир. Бу йўналишда Амударё туманида электрогаз пайвандчи, автомобиль двигателларини қисмларга ажратиш ва йиғиш чилангари, вулканизаторчи, автоэлектрик, аккумуляторчи касблари бўйича эса қисқа муддатли ўқув курслариди йўлга қўйилган.
Ташкилотда ушбу йўналишлар бўйича амалий ишлар йўлга қўйилган бўлиб, турли спорт мусобақалари ҳам ўтказилиб келинмоқда. Бу борада туман ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, Миллий гвардия туман қўриқлаш хизмати, Ички ишлар бўлими ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Шунқорлар”, “Ҳаво милтиғида ўқ отиш” ва “Ёзги биатлон” ҳарбий спорт мусобақалари мунтазам равишда ташкил этилади.
Ўтган 2021 йил “Ватанпарвар” ташкилоти учун муваффақиятларга бой йил бўлди десак асло муболаға бўлмайди. 2021 йил давомида ташкилотнинг спортчи ёшлари “Чирчиқ” шаҳрида ўтказилган “Ёзги биалтон” спорт мусобақасида қатнашиб, Республика миқёсида 4-ўринни эгаллаб қайтишди. Ёшларга ҳар томонлама ўрнак бўлувчи манъан ва жисмонан етук ўғлонлардан бири Жамбул Муханов 2021 йил 17-20 июнь кунлари Мўйноқ шаҳрида ўтказилган “Мўйноқ авторалли 2021” очиқ чемпионатида фахрли 1-ўринни эгаллаб Президент совғаси – “Нексия-3” автомашинасини ютиб олди. Энг қувонарлиси шуки, “Ватанпарвар” ташкилотининг 30 йиллиги муносабати билан соҳа ходимларининг 5 нафари кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Ташкилот томонидан ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида турли учрашув ва давра суҳбатлари, тарғибот тадбирлари ҳам ташкил этилиб, ватанпарварликнинг тимсоли бўлган аждодларимизнинг жасорати ва жанговар тактикаси ҳақида сўзлаб берилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ёшларда Ватанга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, Ватанни севиш ва асраш туйғуларини шакллантириш бугунги кунда энг асосий вазифалардан саналади. “Ватанпарвар” ташкилоти ҳодимлари мана шундай шарафли ва масъулиятли вазифани бажараётганлигидан, ёшларнинг ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишларига ҳисса қўшаётганлигидан фахрланадилар.
Шуҳрат Камолов, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти туман ўқув-спорт техника клуби бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶