КАСБЛАР ФЕСТИВАЛИ ЎТКАЗИЛДИ
Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини касбга йўналтириш, уларнинг бирор касбга меҳр қўйилишига ва шу касбни эгаллаш учун чуқур билим олишига эришиш таълим тизимининг асосий вазифаларидандир. Чунки инсон ҳаётда ўз ўрнини касбий фаолияти, хулқ-атвори ва яқинларига, юртига меҳр-муҳаббати орқали топади.
Шу боисдан ҳам туманимиздаги барча умумий ўрта таълим мактаблари юқори синф ўқувчилари орасида меҳнати билан элга танилган,касбини ардоқлаб, эъзозлаб хизмат қилаётган инсонлар билан учрашувлар ўтказилиб, ишлаб чиқариш корхоналарига саёҳатлар уюштириб турилади.
Шу йилнинг 10 декабрида Чойкўл овулидаги 22-сонли мактабда ҳам “Касбим – келажагим” деб номланган касблар фестивали бўлиб ўтди.
Ушбу муассасада 689 нафар ўқувчилар таълим-тарбия олишмоқда. Шунинг 130 нафари 9-11-синфлар ўқувчиларидир.
Тадбирда улар тўла қамраб олинди ҳамда туман халқ таълими бўлими мудири Акмал Исмоилов, бўлим психолог-методистлари Жасур Отажонов, Татьяна Пирлепесовалар, мактаб ўқитувчиларидан ташқари 11-,18-,26-, 28-, 33-, 42-, 59-, 65-мактаблар директорлари, психологлари ва юқори синфларининг ўқувчилари иштирок этдилар.
Ўқувчилар ушбу касблар фестивалида мазкур мактабда фаолият кўрсатаётган тўгараклар фаолияти билан яқиндан таништирилди. Мусиқа, китобхонлик, компьютер саводхонлиги тўгараклари, шунингдек, спортнинг волейбол, футбол бўйича ташкил этилган тўгараклари фаолияти ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса “Баркамол авлод” болалар мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилган тикувчилик тўгараги аъзолари тиккан кийимларнинг ўзига хос безаклар билан зеб берилгани барчанинг диққатини тортди.
Мактабга ташриф буюрган овулда фаолият юритаётган дурадгорлик, пайвандлаш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шоҳобчасидан, гўзаллик салонидан ва ўғил болалар сартарошхонасидан ташриф буюрган турли касб эгаларининг касб-ҳунарлар ҳақидаги суҳбати ўқувчиларнинг касблар ҳақида фикр-ўйларини бойитди.
Касблар фестивалида тумандаги 1-сонли ва 2-сонли касб-ҳунар мактабларида ўқитилаётган касб-ҳунарлар кўргазмаси намойиш этилди. Шунингдек, “Баркамол авлод” болалар мактаби амалий санъат тўгараги аъзолари ишлаган кулолчилик наққошлик, ганжкорлик ишлари намуналари, юмшоқ ўйинчоқлар, кийимлар, безаклар, қуроқларни кўздан кечирган ўқувчилар халқимиз асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган қадимий касб-ҳунарлар бугунги кунда ўз аҳамиятини йўқотмаганини юракдан ҳис қилдилар. Шунингдек, ўқувчилар ишлаган замонавий авиамоделлар намойиши ҳам барчанинг диққатини тортди.
Тадбирда касбнинг яхши-ёмони бўлмаслиги, уни чуқур эгаллаш учун замонавий билимлар билан қуролланиш зарурлиги таъкидланди.
Кўргазма сўнгида ўқувчилар томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
Касблар фестивали ўқувчиларга унутилмас таассуротлар ҳадя этди.
Шу йилнинг 11 декабрида туманимиз умумий ўрта таълим мактабларининг юқори синфлари ўқувчиларининг тикувчилик касбига қизиқиш билдирган 141 нафарининг “Тамара текстил” масъулияти чекланган жамиятига саёҳати ташкил этилди.
Саёҳат давомида ўқувчилар у ерда амалга оширилаётган ишлар билан, яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Ушбу тадбирда иштирок этган туман Халқ таълими бўлими психолог методистлари Жасур Отажонов, Татьяна Пирлепесовалар касб-ҳунарга меҳр қўйиш, касб устаси бўлиш – инсонни улуғлаши ҳақида гапирдилар. Саёҳат ўқувчиларга жуда манзур бўлди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶