2-сонли мактабда “Ёшлар – янги Ўзбекистон бунёдкорлари” лойиҳаси доирасида давра суҳбати ўтказилди
Туманиизда фаолият юритаётган “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан эълон қилинган “Ёшлар – янги Ўзбекистон бунёдкорлари” лойиҳаси асосида туманимизнинг барча жойларида давра суҳбатлари, маданий тадбирлар, ижодий учрашувлар ўтказилиб келинмоқда. Лойиҳа ташкилотчилари томонидан бу тадбирларга ҳар бир маҳалланинг фаол ёшлари, ёш ижодкорлар таклиф этилиб улар томонидан аҳоли ўртасида грант лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар ва улардан кутилаётган натижалар ҳақида суҳбатлар олиб борилмоқда, фикр-мулоҳазалар билдирилиб, амалий таклифлар ўртага ташланмоқда.
Ана шундай мазмундаги навбатдаги давра суҳбати туман халқ таълими бўлимига қарашли 2-сонли умумтаълим мактабида ўтказилди. “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини кенг тарғиб қилиш, уларни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, турли ахлоқсизликлардан ҳимоя қилиш” мақсадида ўтказилган давра суҳбатига мактабнинг фаол ўқувчилари, ўқитувчилари таклиф этилди.
Йиғилганлар олдида “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти раиси Ўрозали Рейимов чиқиб гапириб республикамизнинг барча жойларидаги каби туманимизда ҳам ёшларнинг чуқур билим олиши, келажакда ўзлари севган касб эгаси бўла олишлари, ижодий ишлар билан фаол шуғулланиши, бор иқтидорини намойиш этиб, комил инсон бўлиб етишишлари учун барча имкониятлар муҳайё эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ҳақиқатдан ҳам инсоннинг ички дунёси бой, маънавий тушунчаси кенг бўлсагина тараққиётга эришади.
Соғлом танда соғ ақл деб бежиз айтишмаган. Соғ танда соғ ақлга эга инсон буюк ишларни яратишга қодир бўла олади.
Давра суҳбати иштирокчиси, фахрий шифокор Тожибой Бозорбоев давра суҳбатидаги ўз чиқишини ана шундай пурмаъно гаплар билан бошлади. Ҳар бир инсон соғлом турмуш тарзини яратишга ҳисса қўшмоғи учун аввало ўзи ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, турли зарарли иллатлардан ўзини йироқ тутмоғи зарур. Ўзининг ижобий хусусиятлари билан бошқаларга ўрнак бўла оладиган одамгина ўзгаларга тўғри йўлни кўрсата олади. Узоқ умр кўриш, соғлом яшаб, соғлом авлодни вояга етказиш учун ҳар ким ёшлигидан мустаҳкам пойдевор яратиши керак – деди тажрибали шифокор ўз сўзида.
Биз сўз юритаётган 2-сонли умумтаълим мактабининг маърифий-маданий ишлар бўйича тарғиботчиси Аҳмад Нафасов мактабдаги фаолият юритаётган ижодий тўгараклар ҳақида айтиб ўтди. Яқинда тумандаги мактаб ўқувчилари орасида ўтказилган “Мен севган бадиий асар” иншолар танловида мазкур мактабнинг 11-синф ўқувчиси Фарида Саъдуллаева фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Ушбу иншолар танловида фаол иштирок этган 9 Б-синф ўқувчиси Мухлиса Қуролбоевага “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан “Фахрий ёрлиқ” топширилди.
Давра суҳбати якунида 2-сонли умумтаълим мактаби директори Анвар Алламбергенов ташкилотчиларнинг ташриф ва фикр-мулоҳазалари учун мактаб жамоаси номидан миннатдорчилик билдирди.
“Оилада фарзанд тарбиясининг аҳамияти, ёшларни зарарли иллатлар ва турли ахлоқсизликлардан ҳимоя қилишда ота-оналар ва маҳалланинг ўрни” мавзусидаги навбатдаги давра суҳбати шу йилнинг декабр ойи бошида Бобур овул фуқаролар йиғинида ўтказилди.
Ойгул Ражабова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶