АМУДАРЁ ТУМАНИДА ХАЛҚАРО БАҒРИКЕНГЛИК КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ
Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқотни ўрнатиш, миллатлар ва элатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб, ҳозирда бағрикенгликка оид 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. 1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНЕСКО Бош конференциясида “Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси” қабул қилинган. Ҳозирги кунда 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни сифатида кенг нишонланади.
Мустақил Ўзбекистонимизда тинчлик, осойишталик, осуда ҳаётнинг қадр-қиммати ҳамиша юксак. Мамлакатимизда хилма-хил диний эътиқодга мансуб миллатларнинг бир хил буюк ғоя ва соф ниятларнинг рўёби йўлида ҳамкор, ҳамжиҳатликда, тинч-тотув яшаётганларининг ўзи диний бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир.
Бугунги кунда Ўзбекистонда яшаётган 136 та миллат вакиллари 16 та турли конфессияга эътиқод қилишади ва динлараро, конфессиялараро мустаҳкам алоқа, самимий дўстлик ўрнатилган.
Жорий йилнинг 17 ноябрь санасида туман Маданият марказида Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан бўлиб ўтган маънавий-маърифий, адабий-мусиқий тадбирда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари мамлакатимиз халқига хос ранг-баранглик, миллатлараро ва динлараро дўстлик, бағрикенглик тамойиллари, ана шу тамойиллар асосида тобора равнақ топаётган мустақил давлатимиз ҳамда миллатлар ва элатлар ўртасидаги самимий дўстлик, тотувлик ҳақида мамнуният билан сўз юритдилар. Шу билан бирга туманимиз маҳаллаларида яшаб, Амударё туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшаётган турли миллат вакилларини Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан табрикладилар.
Дарвоқе, айни пайтда Амударё туманида 13 миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, меҳнат қилишмоқда. Уларнинг фарзандлари яхши таълим-тарбия олишлари, ўз она тилларида эмин-эркин сўзлашишлари учун туманда зарур шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, туманда ўқиш ўзбек қозоқ, рус, туркман, қорақалпоқ тилларида олиб бориладиган мактаблар бўлиб, ушбу таълим-тарбия масканлари замонавий педагогик технологиялар билан жиҳозланган.
Туманнинг барча ҳудудларида халқимизнинг эмин-эркин ўз диний эътиқодларини амалга оширишлари учун эса диний-исломий талаблар даражасидаги масжидлар фаолияти йўлга қўйилган.
Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан бўлиб ўтган байрамона тадбирда мутасаддилар буни алоҳида эътироф этишди.
Тадбирнинг адабий-мусиқий қисмида туман Маданият бўлими санъаткорлари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, мустақил Ватанимизнинг ҳар томонлама тараққий этишига муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган барча миллат ва элат вакиллари билан бағрикенг диёрда яшаётганликларидан мамнунлик туйғулари мадҳ этилган куй ва қўшиқлар янгради.
“Ўзбекистон – бағрикенг диёр” деб номланган маънавий-маърифий ва адабий-мусиқий тадбирда дўстлик ва тинчликни, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни ифодаловчи жарангдор шеърлар ўқилди.
“Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон!” шиори остида бири-биридан мазмундор тароналар янгради. Ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, рус, татар, бошқирд халқларининг кўнгилларда эзгу туйғулар уйғотувчи куй-қўшиқлари, рақслари ижро этилиб, тадбир иштирокчилари қалбларига хуш кайфият бағишлади.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶